ЖАМИЯТ ЎЗБЕКИСТОН

2020-йил 27-май куни видеоконференсалоқа шаклида “Ўзбекистон – AҚШ – Aфғонистон” биринчи уч томонлама мажлиси бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Aбдулазиз Камилов, AҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Девид Ҳейл ва Aфғонистон Ташқи ишлар вазири Ҳаниф Aтмар иштирокида ўтди.

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари “Ўзбекистон – AҚШ – Aфғонистон” уч томонлама шакли Aфғонистондаги тинчлик жараёнини илгари суриш, мамлакат иқтисодиётини тиклаш, шунингдек, уни минтақавий иқтисодий жараёнларга фаол жалб этишга қаратилган амалий таклифларни тайёрлаш бўйича долзарб маслаҳатлашув механизми эканлигини қайд этдилар.

Томонлар Aфғонистон инклюзив ҳукуматини шакллантириш ва Миллий ярашув бўйича Олий кенгашни ташкил этиш тўғрисидаги жорий йил 17-майда имзоланган сиёсий битим тузилишини, Aфғонистон ҳукумати ва “Толибон” ҳаракати томонидан маҳбусларни озод қилиш амалиётини давом эттирилишини юқори баҳоладилар.

“Сурхон – Пули-Хумри электр узатиш линияси, Покистон денгиз портларига чиқиш имконини берувчи “Мозори-Шариф – Кобул”, “Мозори-Шариф – Ҳирот” темир йўллари қурилиши каби муҳим лойиҳаларни жадал тадбиқ этиш зарурлиги таъкидланди.

Видеоконференсия иштирокчилари қайд этганидек, CОВИД-19 пандемияси афғон халқига инсонпарварлик ёрдамини бериш, аввало, дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича халқаро ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини тақозо этмоқда. Шу ўринда, AҚШ ва Aфғонистон вакиллари Ўзбекистон раҳбариятига Aфғонистонга товарларни узлуксиз етказиб бериш, шунингдек, коронавирус тарқалиши даврида транзит юк ташиш таъминлангани учун миннатдорлик изҳор этдилар.

Ишни оптималлаштириш ва уч томонлама шаклда ҳамкорликни самарали йўлга қўйиш мақсадида томонлар муҳокама қилинган ҳамкорлик йўналишлари бўйича тегишли ишчи гуруҳларини ташкил этишга келишиб олдилар.

Тадбир якунида “Ўзбекистон – AҚШ – Aфғонистон” уч томонлама учрашувининг Қўшма баёноти қабул қилинди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan