ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

«Ўқитувчини назар-писанд қилмай телефон ўйнаб ўтиришган». Тошкентда калтакланган 8-синф ўқувчилари бўйича тафсилотлар маълум қилинди

Аввалроқ, Тошкент шаҳридаги мактаблардан бирида ўқитувчи ўқувчиларни калтаклагани ҳақида хабар берилган эди. Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, ҳолат Яшнобод туманидаги 152-сонли умумтаълим мактабида шу йилнинг 2 март куни дарс жадвали бўйича бешинчи соатда содир бўлган. Биология фани ўқитувчиси Г.М. 8-“А” синфда дарс ўтаётган маҳалида ўқувчилар Х.Д. ва О.О.ларнинг телефон ўйнаётганлигини кўриб, уларни бир неча маротаба огоҳлантирган, танбеҳ берган. Аммо ўқувчилар ўқитувчисининг танбеҳига ҳам эътибор қилмай, беписандларча дарс жараёнига халақит қилишда давом этишган. Оқибатда ўқитувчи Г.М. асабларини жиловлай олмаган, ўқувчиларни тартибга чақирган, унинг танбеҳини инобатга олмаганлиги туфайли ўқитувчи ўқувчиларни калтаклаган.

Содир бўлган ҳолат юзасидан ўқувчиларнинг ота-оналари ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган. Мактаб ўқитувчиси Г.М. ва ўқувчининг онасига нисбатан маъмурий чоралар қўлланилган.

«Ҳозирги пайтда юқоридаги ҳолат юзасидан мактабдаги таълим ва тарбия жараёнлари Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси томонидан ўрганилаётганлигини билдирамиз», – дейилади Тошкент шаҳар ХТББ Матбуот хизмати хабарида.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan