ЖАМИЯТ

Кичик бизнесни қўллаб-қувватлашга 6 трлн сўм ва $1,2 млрд йўналтирилади

Термиз шаҳрида “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастури ижросида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ иштироки” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда банк Бошқаруви раҳбарияти, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 14 сентябрдаги “Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бизнес соҳаси ривожи учун янги имкониятларни яратади. Мазкур қарорга асосан кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича “узлуксиз хизматлар занжири”ни яратиш мақсадида “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастури” ижросига фаол киришилди.

Дастурни 2023-2026 йилларда амалга ошириш учун давлат маблағлари ҳисобидан 6 трлн. сўм ва халқаро молия институтларининг 1,2 млрд. АҚШ доллари миқдоридаги маблағлари йўналтирилиши кўзда тутилмоқда.

“Бизнесни ривожлантириш банки” акциядорлик тижорат банки Дастурни амалга ошириш ва уни доимий равишда такомиллаштириб бориш бўйича асосий таянч банк сифатида белгиланган.

“Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастури”да электрон платформа – “Бизнес портал”га онлайн ариза бериш орқали иштирок этиш мумкин.

Ўрнатилган тартибга мувофиқ, “Кичик бизнесга кўмаклашиш марказлари” томонидан танлаб олинган ташаббускорлар бизнес кўникмаларини шакллантириш йўналишида қисқа ва ўрта муддатли амалий ўқув курсларида ўқитилади.

Ўқув курсларини муваффақиятли тугатиб, сертификат олган ташаббускорлар Дастур доирасидаги қўллаб-қувватлаш механизмларидан фойдаланади.

Матбуот анжуманида Дастурда иштирок этувчи кичик тадбиркорлик субъектларини шаффофлик тамойиллари асосида танлаб олиш тартиби ва молиявий ва консультатив қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақида ахборот берилди.

Шунингдек, “Бизнесни ривожлантириш банки” таъсисчилигида “Кичик бизнесни ривожлантириш жамғармаси” ва Жамғарма таркибида худудларда 14 та “Кичик бизнесга кўмаклашиш худудий марказлари” ташкил этилгани қайд этилди.  

Тадбир доирасида мамлакатимизда биринчи бўлиб Сурхондарё вилоятида иш бошлаган “Кичик бизнесга кўмаклашиш маркази”га Пресс тур уюштирилди. Марказда кичик бизнес лойиҳаларини танлаш, ташаббускорларни ўқитиш, молиялаштириш, ахборот билан таъминлаш, бизнес режалар ва техник иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш, бозор топиш билан боғлиқ комплекс хизматларни кўрсатиш каби чора-тадбирлар амалга оширилади.

Журналистлар ва жамоатчилик вакиллари Марказда яратилган шарт-шароитлар ва ҳозирда давом этаётган тадбиркорларни ўқитиш жараёнлари билан билан танишдилар.

Келгуси 2024 йилда марказ томонидан микро бизнесни қўллаб қувватлаш орқали 1 200 та субъектни кичик ва ўрта бизнесга ўтказиш, 1300 нафар тадбиркорнинг ишбилармонлик қобилиятини ривожлантириш, 450 нафар тадбиркорнинг билим ва кўникмаларини шакллантириш режалаштирилган.

Тадбирларда “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ фаолиятининг устувор йўналишлари ва асосий мақсадли кўрсаткичлар  ҳақида ҳам маълумот берилиб, оммавий ахборот воситалари вакиллари саволларига атрофлича жавоб берилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan