ЖАМИЯТ

Бугун ижтимоий тармоқларда “Биронтанг интернетга чиқарма!”. Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, барибир интернетга чиқдингиз!”, деб номланган видеотасвир тарқалиб, турли муносабатларга сабаб бўлди

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов тўйда меҳмонлардан у акс этган видеотасвир тарқатилмаслигини сўради. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, мазкур ҳолат 28 июнь куни никоҳ тўйи бўлиб ўтган «Токио–2020» Паралимпия ўйинлари олтин медали соҳибаси Гулжаной Наимова хонадонида тасвирга олинган. Вилоят ҳокими спортчини табриклаш учун туман ҳокими билан бирга унинг уйига борганида меҳмонлар жараённи тасвирга олишни бошлаганини кўриб, уларга «биронта интернетга чиқмасин», дея мурожаат қилган.

«Чунки, воҳада вилоят ҳокимининг амалга ошираётган ишлари ва ҳар бир хатти-ҳаракатини ижтимоий тармоққа чиқариб, PR ясаш одатий ҳолга айланди.

Шундоқ ҳам оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқда ўзини кўп реклама қилишдан истиҳола қиладиган ҳоким вилоятда бажараётган айрим хайрли ишларини кенг жамоатчиликка кўрсатишдан тийилиб туради. Лозим бўлган ҳолларда ижтимоий тармоқ орқали ўзи ҳам чиқишлар қилиб, воқеа-ҳодисаларни халқимизга етказаётганини барча яхши билади.

Мезбонларга бу гап ана шу маънода айтилган бўлиб, уни ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бошқа йўсинда талқин қилиши миллий қадриятларимиз ва инсонийлик фазилатларимизга тўғри келмайди.

Аслида ҳам “Токио–2020” Паралимпия ўйинларида ғолиблик шохсупасига кўтарилиб, вилоятимиз, мамлакатимиз довруғини дунёга кенг тараннум этган Гулжаной Наимова сурхондарёликларнинг фахрига айланди. Вилоят ҳокими ана шундай шижоаткор йигит-қизларнинг қувончли кунларига шерик бўлиб, уларга мотивация беришни ўз бурчи, деб билади», дейилади хабарда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan