ЖАМИЯТ

ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИК ЛОЙИҲАЛАРИ ИЖРОСИ НАЗОРАТДА

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Қонуни ва соҳага доир бошқа қонун ҳужжатлари ижроси Сурхондарё вилоятида ўрганилди.
Жумладан, 01.06.2022 йилга қадар давлат-хусусий шериклик лойиҳалари реестрига жами 9 та лойиҳа киритилган бўлиб, мазкур лойиҳалар доирасида тузилган битимларга кўра, ирригация тизимлари тизимидаги 5 та ва соғлиқни сақлаш тизимидаги 4 та объектни хусусий шерикларга топшириш белгиланган.
Ўрганишда, амалга оширилган ишлар билан бир қаторда баъзи камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди.

Хусусан, “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Қонуннинг
13-моддасида, давлат шериги томонидан ваколат берилган юридик шахслар ёки юридик шахсларнинг бирлашмалари давлат шериги томонидан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ давлат шеригининг мажбуриятларини ўз зиммасига олган ҳолда ҳаракат қилиши мумкинлиги, бунда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим бўйича мажбуриятларнинг бажарилиши учун давлат шериги тўлиқ жавобгар бўлиши белгиланган.

Бироқ, Музработ туманида жойлашган “Оқтошобод-2” насос станцияси давлат-хусусий шериклик лойиҳаси асосида топширилиши лозим бўлсада, хусусий шерик томонидан ушбу лойиҳани қабул қилиб олинмаганлиги юзасидан битимни бекор қилиш чоралари кўрилмаган.
Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимлар ижроси юзасидан хусусий шерикларга топширилган объектларга инвестиция киритиш ишлари ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги маълум бўлди.
Хусусий шерикка топширилганига қарийб 3 йил вақт ўтган бўлсада “Пистамозор” ва “Арпапоя” насос станцияларига умуман инвестиция киритилмаган.

Ҳаттоки, республика комиссиясининг 17.03.2022 йилдаги баёни билан мазкур насос станциялари сув етказиб берадиган ер майдонлари бошқа юридик шахсга ўтказилиши белгиланган бўлсада, соҳага масъул шахслар томонидан хусусий шерикни алмаштириш чоралари кўрилмаганлиги аниқланди.
Шу каби, “Харистон” насос станциясини давлат-хусусий шериклик асосида топшириш тўғрисидаги битимда 344 млн. сўм инвестиция киритиш белгиланган бўлсада, хусусий шерик томонидан бу борада умуман ишлар амалга оширилмаган.

Ёҳуд, 26 ва 27-мелиоратив қудуқларни давлат-хусусий шериклик асосида топшириш тўғрисидаги битимда 329 млн. сўм инвестиция киритиш белгиланган бўлсада, хусусий шерик томонидан қудуқларга ўз эҳтиёжларига етарли бўлган 20,9 млн. сўм инвестиция киритилган холос.

Шу билан бирга, “Лойлиқ” насос станцияси давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим билан хусусий шерикка 29.10.2021 йилда топширилган бўлсада, ўрганиш кунига қадар лойиҳа амалга оширилмаганлиги, насос станциясидан бошқа мақсадда, яъни ушбу ҳудуддаги аҳолига ичимлик суви етказиб бериш учун фойдаланиб келинганлиги маълум бўлди.

Ҳаттоки, тарафлар ўртасида тузилган битимнинг 4.2-бандида давлат шериги давлат-хусусий шериклик лойиҳаси асосида топирилган объектнинг муҳандислик коммуникациларига, жумладан электр, газ ва сув таъминоти ва канализация тармоқларига уланишида шарт-шароитлар яратиш мажбуриятини олган бўлсада, “Лойлиқ” насос станцияси электр таъминоти корхонаси билан шартнома тузилмаган.
Қонунчиликка кўра, хусусий секторнинг молиявий маблағларини, шу жумладан хорижий инвестицияларни жалб этишни таъминлайдиган шарт-шароитлар яратиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири бўлсада, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва масъул ташкилотлар томонидан лойиҳаларни амалга оширишда хусусий шерикка бирон-бир кўмак берилмаган.

Мисол учун, тиббий диагностика марказини ташкил этиш лойиҳаси бўйича хусусий шерик томонидан кредит маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган 1,5 млрд. сўм ҳамда тиббиёт маркази ташкил этиш лойиҳаси бўйича хусусий шерик томонидан молиялаштириладиган
6,7 млрд. сўм маблағлар киритилмаётганлиги бўйича уларга бирон-бир амалий ёрдам бериш чоралари кўрилмаган.

Ўрганиш натижалари бўйича лойиҳалар ижросини таъминлашда хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаган шахсларга нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида жойларга тақдимнома киритилиши таъминланди.

Д.Н.Валижонов, Бош прокуратура бошқарма катта прокурори

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan