ЖАМИЯТ

Расмий муносабат: Термиз мутасаддиларига савол: “… Ёстиққа бош қўйсангиз-у, нимадир шовқин тинмай эшитилиб турса қандай ҳолатга тушасиз?!”

diyor24.uz сайтида Термиз мутасаддиларига савол: “… Ёстиққа бош қўйсангиз-у, нимадир шовқин тинмай эшитилиб турса қандай ҳолатга тушасиз?!” номли мақола эълон қилинган эди. Унда Термиз шаҳри “Дўстлик” маҳалласи Ибн Сино кўчасида жойлашган 20 уйда яшовчи фуқаролар ертўладан шовқин чиқаётганлигини, уй сифатсиз қурилганлиги юзасидан шикоят қилишган эди. Ушбу мақолага вилоят уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси ҳамда вилоят “Сувоқава” ДУК Термиз шаҳар филиали томонидан расмий муносабат билдирилди.

“……Сурхондарё вилояти “Сувоқава” ДУК Термиз шаҳар филиали маъмурияти шуни ёзиб маълум қиладики, шаҳарнинг “Истиқлол” ва “Ибн Сино” кўчалари ёқасида қурилаётган ва қурилган кўп қаватли уй-жойларнинг ертўласига пудратчи корхона томонидан кичик ҳажмли сув кўтариш насоси ўрнатилиб, ичимлик суви билан таъминлаш белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194-сонли қарорининг 2-иловаси 11-бандига биноан, шаҳар “Сувоқава” филиали билан истеъмолчилар, шу жумладан, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ўртасида коммунал сув таъминоти ва оқава сувларни чиқариш тармоқлари ва қурилмаларига хизмат кўрсатиш, уларнинг техник ҳолатини сақлаш ва фойдаланиш юзасидан жавобгарлик чегаралари қуйидагилар ҳисобланади.

Ичимлик сув истеъмолчи учун ичимлик сувини тармоққа уланиши, узиб қўювчи, ташқи қудуққача, шаҳар “Сувоқова” филиали хизмат кўрсатиш, уланиш нуқтаси яъни ташқи сув тақсимлаш қудуғидан ички ичимлик сув тизими истеъмолчи ва уй-жой мулкдорлари ширкати хизмат кўрсатиш чегараси ҳисобланади.

Шу сабабли ертўладаги сув кўтариш насосини сақлаш ва таъмирлаш фойдаланиш истеъмолчи ва УЖМШ томонидан амалга оширилади”.

Шунингдек ўрганиш натижасида далолатнома ҳам тузилиб, ушбу далолатнома ҳам илова қилинган. Унда айтилишича, “….Термиз шаҳри “Дўстлик” маҳалласи Ибн-Сино кўчасида жойлашган 20 уй 2019 йилда қурилиб, фуқароларга фойдаланишга топширилган бўлиб, Термиз шаҳар уй-жой коммунал бўлими томонидан қурилиш ишлари тугалланмаганлиги сабабли қабул қилинмаган.

Ушбу мурожаатда келтирилган масалалар бўйича ишчи гуруҳи томонидан жойига борилиб, фуқаролар билан ўтказилган суҳбат давомида ҳақиқатдан ҳам 20 уйнинг ертўласида ўрнатилган сув насосидан юқори кучланиш остида ишлаётганлиги сабабли сезиларли даражада шовқин чиқариб ишлаётганлиги аниқланди.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, мурожаатда келтирилган масалаларни бартараф этишни ушбу кўп қаватли уйни қурилиш ишларини олиб борган “Термиз Таъминот” СКТХКнинг мутасадди ходимлари билан учрашиб, муражаатда келтирилган масалаларни зудлик билан бартараф этиш чораларининг кўрилиши ва мурожаат муаллифларига ҳамда “diyor24.uz” таҳририятига маълумот бериш кераклиги ҳақида тушунтирилганлигини маълум қиламиз.

P/S: diyor24.uz таҳририяти ушбу ташкилотларга мурожаатни беэътибор қолдирмай ўрганиш олиб бориб, расмий муносабат билдиришгани учун ўз миннатдорчилигини билдиради.

Шунингдек “Термиз Таъминот” СКТХКнинг мутасадди ходимларини юқорида таъкидлаб ўтилган ҳолатларни бартараф этиб, фуқароларимизни қийнаётган муаммоларни ҳал қилишда фаол бўлишга чақириб қоламиз.