ЖАМИЯТ

Тадбиркорлик субъектлари билан самарали мулоқот тизими жорий этилиб, уларнинг ҳуқуқий ҳимояси кучайтирилмоқда

Тадбиркорлик (тадбиркорлик фаолияти) — қонун ҳужжатларига мувофиқ даромад (фойда) олишга қаратилган, юридик ва жисмоний шахслар томонидан маҳсулот ишлаб чиқариш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш) йўли билан таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида амалга ошириладиган ташаббускор фаолият. Тадбиркор — юридик шахс ташкил этган ҳолда ҳам, ташкил этмасдан ҳам тадбиркорлик фаолияти билан доимий асосда шуғулланувчи жисмоний шахс (якка тартибдаги тадбиркор).

Мамлакатимизда фуқаролар ва тадбиркорларга давлат хизматлари кўрсатиш тизими босқичма-босқич ислоҳ қилиниб, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яратиш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш борасида тизимли чора-тадбирлар фаол амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 июлдаги “Тадбиркорлик субъектлари билан самарали мулоқот тизимини жорий этиш ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кўчайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-178-сонли Фармони ҳам бу борада олиб борилаётган ижобий ишларнинг самарасидир.

Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан қабул қилинган мазкур фармонда рақамли технологиялар орқали тадбиркорлик субъектларининг муаммолари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш механизмларини янада кучайтириш, тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кечаю кундуз қабул қилиш, ҳал этиш ва ушбу жараёнларни назорат қилиш, давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасида тематик онлайн муҳокамалар ва сўровномалар ўтказиш орқали тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича таклифларни шакллантириш, қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан тадбиркорлик субъектларининг жамоавий мурожаатларини қабул қилиш, тадбиркорлик субъектлари учун зарур бўлган хизматлардан фойдаланиш, шу жумладан лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатлар, кредит, субсидия, компенсация ҳамда кафилликлар олиш, солиқ ва божхона маъмуриятчилигини амалга ошириш имконини берувчи ахборот тизимлари билан уланиш бўйича тегишли ишларни амалга ошириш белгиланган.

Жумладан, 2022 йил 1 августдан шундай тартиб ўрнатилдики, унга кўра порталга қуйидагилар томонидан мурожаатлар киритилади. Тадбиркорлик субъектлари, Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги «Cаll-марказ» хизмати, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил — тадбиркорлардан сайёр қабулларда келиб тушган мурожаатлар асосида, маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимларининг тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини маҳалланинг ўзида кўриб чиқиш ва ҳал этиш чораларини кўради, маҳалла даражасида ҳал этиш имконияти мавжуд бўлмаган мурожаатларни порталга киритади.

Порталга киритилган мурожаатлар автоматик равишда ёки Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан (мурожаатда ваколатли орган кўрсатилмаганда) тегишли ваколатли органларга кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун йўналтирилади, ваколатли органлар портал орқали келиб тушган мурожаатларни қонунчиликда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқади ҳамда натижалари тўғрисида ахборотни порталга киритади, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил эса киритилган мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва муддати устидан рақамли назорат ўрнатади ҳамда қонун бузилиш ҳолатлари бўйича тегишли таъсир чораларини қўллаши белгилаб қўйилган.

Ҳозирги кунда ҳукуматимиз томонидан хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиётдаги роли ва ўрнини тубдан ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш йўлидаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, хусусий мулкнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини изчил ошириш учун янада қулай иқтисодий, ҳуқуқий шароит яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги тадбирколаримиз учун яратилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самарасидир.  

И.Ибрагимов, Олтинсой тумани Адлия бўлими давлат хизматлари маркази бўлим бошлиғи  

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan