ЖАМИЯТ ЎЗБЕКИСТОН

Термизда тўй санъаткорлари ва бошловчиларидан тушунтириш хатлари олинди

Ўтган йили 14 сентябрда Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси Кенгашлари “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида” қарор қабул қилган эди. Бу қарор талаблари 2020 йилнинг 1 январдан кучга кирди.

Хўш, Сурхондарёда унинг ижроси таъминланаяптими? Жараён ташкилотлар томонидан назоратга олинганми?

“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси вилоят бўлими жамоат ташкилотлари вакиллари билан биргаликда Термиз шаҳридаги тўйхоналар ва ресторанлар бўйлаб мониторинг ва кузатув ишларини олиб борди. Ишчи гуруҳ, дастлаб шаҳардаги “Д” (тадбиркорлик субъектлари номи ўзгартилган) тўйҳонасида бўлди.

Ўтказилаётган тантанада қарор талабига зид равишда, 250 киши ўрнига, меҳмонлар сони 300 нафардан ортиқ экан. Худди шундай ҳолат “Ш” тўйхонасида ҳам мавжудлиги аниқланди.
Кузатув мобайнида фақатгина “О” тўйхонасидаги тадбирга қарор талабига мос тарзда 250 нафарга яқин меҳмонлар таклиф этилган экан.

Шунингдек, тўйларимизда санъаткорлар томонидан тегишли лицензияга эга бўлмасдан туриб хизмат кўрсатилаётгани маълум бўлди.

Жумладан, мутасаддилар томонидан мана шундай хатти-ҳаракатлари учун 3 нафар санъаткор ва 2 нафар бошловчидан тушунтириш хати олинди ва тегишли тартибда далолатномалар расмийлаштирилди.

Мастура Ҳамраева

P/S: Хабарингиз бор, яқинда сайтимиз орқали тўй маракаларни кам харажат, ихчам ва тартибли ўтказиш даражаси билан қизиқиб сўровнома ўтказган эдик.

Унинг ҳозирги натижаларига кўра, жами фикр билдирган 855 та респондентларимизнинг 264 нафари тўйлар аввалгидек, дабдаба билан ўтаётганини, 129 нафар сўровнома қатнашчилари эса тўйлар ихчамлаштирилиб, тартибга олинганини, 462 нафар сўровнома қатнашчилари эса ҳар икки ҳолат ҳам кузатилаётганини маълум қилишди.

Жамият ҳаётининг долзарб масалалари diyor24.uz нигоҳида.