ЖАМИЯТ

Ёшлар бандлигини таъминлаш: ер майдони ва пул маблағлари субсидия сифатида ажратилди

Ангор тумани “Илғор” маҳалласи ҳудудидаги фойдаланилмай, қаровсиз ётган 91,4 гектар ер майдони ўзлаштирилиб, қишлоқ хўжалиги кооперативи йўлга қўйилди. Шудгорланиб, текисланган ерга сув чиқариш учун учта насос ўрнатилди ва  сув лотоклари ётқизилди.

Деҳқончилик қилиш учун барча шароитлар яратилгандан сўнг, туман ҳокимлиги ҳамда аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан биринчи босқичда 50 нафар, иккинчи босқичда яна 50 нафар – жами 100 нафар кам таъминланган, ишсиз фуқаролар ҳамда ёшларга 20 сотихдан ер майдонлари бириктирилди. Деҳқончилик билан шуғулланишга бел боғлаган аҳолининг ҳар бирига 2 млн. 230 минг сўм пул маблағи субсидия сифатида ажратилди.

Карам, дайкон, қизил лавлаги, булғор қалампири, тарвуз каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экилиб, айни кунларда ҳосил йиғиб олинмоқди.

Ҳудуддаги “Grand green gluster tomorqa xizmati” МЧЖ томонидан 15 сотих майдонда Хитой технологияси асосида 2 та иссиқхона барпо этилган. Ҳозирда иссиқхонага экилган  булғор қалампири ҳосили йиғиб олинмоқда.

Фойдаланилмай ётган ерларнинг унумдор экин майдонига айлантирилганлиги аҳолининг иш билан таъминланиши баробарида аҳоли дастурхонига тўкин-сочинлик улашилмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan