ЖАМИЯТ

Сурхондарёда 57 миллиардлик лойиҳанинг “миси чиқяпти”

Бойсун туманида аҳолини ичимлик суви билан таъминлашга лойиҳа амалга ошганидан кўпчилик хурсанд бўлганди. Аммо, афсуски, бу кўтаринки кайфият узоққа чўзилмаганга ўхшайди. Ҳа, етдим деганда йиқилиш ёмон бўларкан. Айни пайтда янги “Хўжамайхона- Бойсун” сув тармоғи фойдаланувчилари ана шундай ҳолга тушишган. Улар ота боболари, момолари орзу қилган ичимлик суви муаммоси энди барҳам топди, деганда бошқа ташвишлар бўй кўрсата бошлади. Шу кунларда Бойсун томонга юрсангиз, янги сув тармоғи ўтган жойлар қазиб ташланганига кўзингиз тушади.

Албатта, йирик сув қовурларида кутилмаганда носозлик рўй бериши жиддий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Маълум бўлишича, тумандаги “Мустақиллик” маҳалласида мана шундай ҳодиса кузатилган. Маҳалладошлар жорий йилнинг август ойида сув қувури ёрилиб яшаш уйлари ва хўжалик иншоотларига зарар етказганини тасдиқловчи фото ва видео материалларни тақдим этишди.

Маълумотларга қараганда, мазкур “Хўжамайхона- Бойсун” сув тармоғи умумий қиймати 57 миллиард 193 миллион сўмлик лойиҳа бош пудратчи Ўзбекистон темир йўллари АЖнинг “Махсус механизациялашган йўл станцияси” ҳамда учта ёрдамчи “Монтажчи”, “ПКМ” ва “НГМК” унитар корхоналари томонидан амалга оширилган. Сув тармоғининг асосий қовурлари 36,1 километр узунликда. Мутахассислар фикрига қараганда, сув қувурлари меъёрдаги чуқурликда ётқизилган. Аммо,  тармоқнинг 7,1 километрига полиэтилен қовурлар тортилган бўлиб ва айнан мазкур қисмда турли ёрилишлар кузатиляпти. Табиийки, сув бўлмагач, истеъмолчидан тўлов ундирилмайди, демак бюджетга тушум ҳам йўқ. Таъминотчи корхона фақат харажатга ишлайди ва бу кони зарар, дегани. Туман мутасаддиларидан сўраганимизда улар муаммони ечиш учун имкониятлари доираси чеклангани, Республика Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигидан хат асосида ёрдам сўралганини маълум қилишди.

Бизда мазкур масалада яна бир қанча саволлар туғилди. Агар ҳақиқатда ҳам муаммо полиэтилен қувурлар ётқизилишига боғлиқ экан, наҳот лойиҳачилар юқоридаги оқибатни олдиндан кўра билмаган бўлишса? Ёки лойиҳада бошқа-ю амалда бошқача бўлдимикан? Қоғозда металл қовурлари аслида эса полиэтилен қувурлар ишлатилдимикан? Буюртмачи ташкилот объектни обдон синовдан ўтказиб қабул қилмадимикан? Синовдан ўтган бўлса, нега бирданига кетма-кет муаммо юз беряпти? Энг оғриқли савол эса қуйидагича: Бу ўринда бойсунликларнинг, неча йил сувга зор бўлиб янги лойиҳага бор умидини бағишлаган жавокаш одамларнинг айби нима? Нега доим улар жабр кўриши керак экан?!

diyor24.uz

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan