Аукцион ғолиби деб топилган мулк эгасини мажбурий тартибда уй-жойга киритиш ёки қарздорни мажбурий тартибда чиқариш суд орқали амалга оширилади
Куни кеча интернет ижтимоий тармоқларида “Кимошдида ютган уйимни ололмаяпман. Собиқ эгаси уйни бўшатгиси йўқ…” мазмунидаги хабар эълон қилинди.

Мазкур ҳолат бўйича Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти бошқармаси расмий муносабат билдирди.
“Аниқланишича, Бюронинг Денов туман бўлими томонидан жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят судининг 05.11.2010 йилдаги ижро варақасига асосан “Сурхондарё баҳолаш ва консалтинг маркази” томонидан 2010 йил 15 июлдаги хулосасига кўра 740.324.000 сўмга баҳоланган Денов тумани “Буюк ипак йўли” маҳалласида жойлашган “Дилором” болалар боғчасини давлат эгалигига ўтказиш тўғрисидаги ижро ҳужжати 17.10.2011 йилда келиб тушган ва ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, ижро ҳаракатларига киришилган.
Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида мазкур мулкни реализация қилиш учун собиқ суд департаменти Денов туман бўлими томонидан 27.10.2011 йилда Республика Кўчмас мулк савдо маркази Сурхондарё вилояти филиалига юборилган.
Республика Кўчмас мулк савдо маркази Сурхондарё вилояти филиали томонидан ўтказилган савдо натижаларига асосан мулк сотилмаганлиги сабабли, “Денов баҳолаш” МЧЖнинг 30.05.2018 йилдаги хулосасига асосан қайта баҳоланиб 04.06.2018 йилда “Е-ижро аукцион” ягона электрон савдо майдончаси орқали 922.100.527 сўмга савдога чиқарилган.
Электрон-онлайн аукцион натижалари тўғрисидаги 02.06.2023 йилдаги баённомага кўра аукцион ғолиби Шодижонова Маликабону Даврон қизи томонидан 461.100.527 сўмга сотиб олинган.
Ўтказилган электрон-онлайн аукцион натижалари тўғрисидаги баённома асосида 04.07.2023 йилда Денов тумани “Буюк ипак йўли” маҳалласида жойлашган “Дилором” болалар боғчаси аукцион ғолибининг ишончли вакили С.А.Шодижоновнинг тилхатига кўра топширилган.
Мурожаатни ўрганиш давомида аукцион ғолиби деб топилган мулк эгасини мажбурий тартибда уй-жойга киритиш ёки қарздорни мажбурий тартибда чиқариш тўғрисидаги ижро ҳужжати Бюро органлари иш юритувида мавжуд эмас ва бу ҳақида фуқаро билан боғланиб суд органларига мурожаат қилиш ҳуқуқи борлиги тушунтирилган», – дейилади муносабатда.