
Сурхондарё вилояти солиқ бошқармасида Президентимизнинг жорий йил 5 март кунидаги Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида берилган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида “Коррупцияга қарши курашиш – устувор вазифа” мавзусида тадбир ўтказилди.
Дастлаб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари томонидан коррупцияга қарши курашиш, сабаб бўлувчи омиллар ва уларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида сўз юритилди.

Ҳар бир солиқ ходими ўз ишига виждонан ва масъулият билан ёндашиши, порахўрлик ва таъмагирлик каби иллатлардан йироқ бўлиши кераклиги қайд этилди. Жамоада коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, профессионал ва фидойи кадрларни танлаш ва уларга ҳалоллик ғояларини сингдиришнинг муҳим аҳамияти тушунтирилди.

Тадбир давомида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори М.Жониев йиғилганларга коррупция ва таъмагирликка нисбатан муросасизлик иммунитетини шакллантириш ҳамда радикализм ва диний мутаассибликнинг салбий оқибатлари тўғрисида атрофлича маълумот берди.

Ижтимоий тармоқлардан фойдаланганда эътиборли бўлиш, диний ақидапарастлик ёки мутаассиблик билан йўғрилган ғояларга эргашмаслик кераклиги таъкидланиб, Ўзбекистон Республикасининг янги қабул қилинган «Фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси» мазмун-моҳияти тушунтирилди.