
Барчамизга маълумки ота – оиланинг устуни, чинакам енгилмас қўрғони ҳисобланади. Афсуски айрим оталар оиладаги ўрнини йўқотиб қўйиши ҳамда арзимас кичик бир хатолик сабаб келиб чиқадиган муаммолар, эр ва хотиннинг ажрашиши билан якун топаётгани эса жамият учун ачинарли холдир.
Термиз шаҳрида яшовчи Шокир Шариповлар оиласидаги низолар сабаб тўрт нафар фарзандларнинг моддий таъминоти ва тарбияси учун масъулиятни ёлғиз она ўз зиммасига олди ҳамда суднинг ижро ҳужжатига асосан Ш.Шариповдан алимент ундириш белгиланди.
Афсуски, қарздор ота собиқ турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларини уйидан ҳайдаб чиқаргани етмаганидек, алимент тўлашдан ҳам бўйин товлаб келди.
Мажбурий ижро бюроси Термиз шаҳар бўлими томонидан қарздор отага нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, суднинг қарори асосида 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган бўлса-да, ўзига тўғри хулоса чиқармасдан алимент пулини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келганлиги учун Шариповга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, суд ҳукми билан 11 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Қарздор ота томонидан тўлаб берилмаган 70 миллион сўмга яқин алимент пули эса Бюронинг махсус алимент тўловлари жамғармаси ҳисобидан тўлаб берилди.
Албатта, бу билан қарздор ота алимент тўловларидан озод қилинди дегани эмас. Кейинчалик қарздор ота ҳисобидан тўлаб берилган алимент пули жамғарма ҳисоб рақамига қайтарилиши таъминланади.
Мажбурий ижро бюросиСурхондарё вилояти бошқармаси