ЖАМИЯТ

ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ҚОНУН БИЛАН ҚЎРИҚЛАНАДИГАН МАНФААТЛАРИ ИШОНЧЛИ ҲИМОЯДА

Маълумки,  2012 йил 2 майда қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги 328-сонли Ўзбекистон Республикаси қонунида тадбиркорлик фаолиятига тушунча берилган бўлиб, унга кўра тадбиркорлик фаолияти субъектлари томонидан қонунчиликка мувофиқ амалга ошириладиган, ўзи таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олишга қаратилган ташаббускорлик фаолиятидир.

Тадбиркорлик фаолияти субъектлари белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслардир.

Давлат иқтисодий фаолият, тадбиркорлик эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.

Мазкур қонуннинг 11-моддасида тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги, яъни тадбиркорлик фаолияти субъектларининг давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек банклар билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилиб, унга мувофиқ қонунчиликда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик фаолияти субъектининг фойдасига талқин этилиши белгиланган.

Тадбиркорлик субъекти мулк ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишига кўра эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади.

Тадбиркорлик субъектлари фаолияти текширувларини мувофиқлаштириш ҳамда назорат қилувчи органлар томонидан текширувлар ўтказилишининг қонунийлиги устидан назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан амалга оширилади.

Тадбиркорлик субъектлари назорат қилувчи органларнинг текширувлар натижалари бўйича кўрсатмаларини бажарган, шунингдек етказилган зарарнинг ўрнини белгиланган муддатларда ва тўла ҳажмда ихтиёрий равишда қоплаган, шу жумладан пеня тўлаган тақдирда, уларга нисбатан молиявий санкциялар қўлланилмайди. Мазкур норма солиққа оид ҳуқуқбузарликлар сабабли молиявий санкцияларни қўллаш ҳолларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлардаги айбга иқрор бўлинганда ва солиқ органининг солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарори олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда молиявий санкциялар суммаси ихтиёрий равишда тўланганда жарима миқдори белгиланган миқдорга нисбатан икки бараварга камайтирилади.

Тадбиркорлик субъектлари давлат органлари ва бошқа органларнинг қонунга хилоф қарорлари, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан ўз хоҳишига кўра бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки мансабдор шахсга ёхуд бевосита судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки мансабдор шахсга шикоят берилганлиги шундай шикоятни судга бериш ҳуқуқини истисно этмайди.

Солиқ органларининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилинган қарорлари устидан фақат юқори турувчи солиқ органига улар устидан шикоят қилинганидан кейин суд тартибида шикоят қилиш мумкин. Мазкур қоида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг қарори устидан шикоят қилишга нисбатан татбиқ этилмайди.

Тадбиркорлик субъектлари давлат органлари ва бошқа органларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида судга мурожаат қилганида давлат божи тўлашдан озод этилади.

Мазкур қонуннинг мақсади ва асосий вазифалари фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятида эркин иштирок этиши ва ундан манфаатдор бўлиши учун кафолатлар ҳамда шароитлар яратишдан, уларнинг ишчанлик фаоллигини оширишдан, шунингдек тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.

Ханжар Хакимов,   Шеробод туманлараро иқтисодий суди судьяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan