ЖАМИЯТ ЎЗБЕКИСТОН

Нима учун бизда сайловчилар рўйҳатини ўқитувчилар уйма-уй юриб тузиб юришади?

Биласизларми нима учун бизда сайловчилар рўйҳатини ўқитувчилар уйма-уй юриб тузиб юришади? 

Чунки бизда кўп сайлов участкалари мактабларда жойлашган. У ердаги Сайлов участкаларига кўп ўқитувчиларни аъзо килиб бириктириб қўйишади. Куни кеча совуқда ёмғирда мени уйимга ҳам бир ўқитувчи келди. Телеграмдан ҳам жуда кўп мурожатлар тушмоқда. Келинг қонунларни қараб кўрамиз.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 24-моддасига қараймиз:
“Участка сайлов комиссияси участка бўйича сайловчиларнинг рўйхатини тузади” деб ёзилган.

Сиз мактабингиз ёки коллежингиздаги сайлов участка комиссиясига аъзо эмасмисиз? Демак сизни уйма-уй сайловчилар рўйхатини тузиб юришингиз ноқонуний ва бундан бош тортишингиз мумкин. (Албатта шу ерида ёзилмаган “ўзбекчилик” қонунлари амалга кириши мумкин, директор (халқ тилида “опа”) буйруғи деб югуриб кетишингиз мумкин, лекин ўз ҳуқуқингизни билинг!)

Ушбу қонуннинг 28-моддасида: “Участка сайлов комиссияси сайловчилар рўйхатини аниқлаштириш бўйича ишда иштирок этиш учун жамоатчилик вакилларини жалб этиши мумкин” дейилган. Жамоатчи бўлиб ўзингиз шу ишда қатнашишга рози бўлсангиз марҳамат аммо бунга мажбур эмассиз.

Энди, агарда сиз ушбу сайлов комиссия аъзоси бўлсангиз ҳам ўз ҳуқуқларингизни билиб олинг:

Ушбу қонуннинг 26-моддасига кўра: “Сайлов комиссиясининг қарорига биноан комиссиянинг раиси, раис ўринбосари, котиби ёки бошқа аъзоси сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришдан сайлов ўтказиш учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда озод қилиниши мумкин.” Демак сиз комиссия аъзоси бўлсангиз ўз функционал ишингиздан озод этилишингиз мумкин.

Сайлов кодексининг 99-моддасига кўра: Марказий сайлов комиссиясини, вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияларини, округ ва участка сайлов комиссияларини сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан амалга оширилади.
Сайлов комиссиялари ишига жалб этиладиган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш сайловни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

Демак, сиз бу ишларни қилишингиз учун, сизга асосий иш жойингиздаги ўртача ойлик иш хаққингиз сақланган холда, сайловни ўтказиш учун ажратилган маблағлардин айнан комиссиядаги фаолиятингиз учун қўшимча иш хаққи олишингиз мумкин.

Хеч ким коммиссияга аъзо бўлишга мажбурланмайди. Ўз ҳуқуқингизни англанг ва у учун курашинг қадрли устозлар.

Блогер Нурбек Алимов