Фуқаролик қонунчилигида даъво муддати тушунчаси алоҳида аҳамият касб этади. Даъво муддати ўзининг ҳуқуқий оқибатига кўра судларда даъвогарларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш имкониятнинг йўқотилишига ҳам олиб келиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 149-моддасида даъво муддати тушунчасига шундай таъриф берилган: “Даъво муддати – шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини даъво қўзғатиш йўли билан ҳимоя қилиши мумкин бўлган муддатдир”.
Мазкур қонун нормасидан шундай маъно келиб чиқадики, ҳар бир шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини ҳимоя қилиши учун қонунчиликда муайян қатъий муддатлар белгилаб берилганлигини ва ҳуқуқларни ҳимоя қилиш учун ушбу муддатлар доирасида тегишли судларга белгиланган тартибда даъво қилишлари лозимлигини билиши лозим.
Жумладан, Фуқаролик кодексининг 150-моддасига кўра, умумий даъво муддати уч йил этиб белгиланган.
Шунингдек, қонунчиликда даъво муддатининг махсус турлари ҳам мавжуд бўлиб, улар меҳнат, оила ва солиқ каби қонунчиликларда назарда тутилган.
Масалан, Меҳнат кодексининг 560-моддасига кўра якка тартибдаги меҳнат низосининг кўриб чиқилиши учун судга мурожаат қилишнинг қуйидаги муддатлари белгиланади:
-ишга тиклаш тўғрисидаги низолар бўйича – ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги иш берувчи буйруғининг кўчирма нусхаси топширилган кундан эътиборан уч ой;
-ходим томонидан иш берувчига етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар бўйича – иш берувчи зарар етказилганлигини аниқлаган кундан эътиборан бир йил;
-бошқа меҳнат низолари бўйича – ходим ўзининг ҳуқуқи бузилганлиги тўғрисида билган ёки билиши керак бўлган кундан эътиборан олти ой.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 24-моддасига кўра, эр (хотин) ўзининг номига расмийлаштирган умумий кўчмас мол-мулкни тасарруф этиш бўйича битим тузиши учун хотин (эр)нинг нотариал тартибда тасдиқланган розилигини олиши лозим. Кўрсатилган битимни тузишга нотариал тартибда тасдиқланган розилиги олинмаган эр ёки хотин мазкур битим амалга оширилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб бир йил давомида бу битимни суд тартибида ҳақиқий эмас деб топишни талаб қилишга ҳақлидир.
Ушбу Кодекснинг 63-моддасига кўра, боланинг отаси ёки онаси деб ёзилган шахс унга бундай ёзув маълум бўлган ёки маълум бўлиши лозим бўлган вақтдан эътиборан бир йил мобайнида ана шу ёзув тўғрисида суд тартибида эътироз билдиришга ҳақлидир.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, фуқаролик қонунчилигида даъво муддати жорий қилинмайдиган талаблар ҳам алоҳида назарда тутилган бўлиб, Фуқаролик кодексининг 163-моддасига кўра, даъво муддати қуйидагиларга, жумладан:
-шахсий номулкий ҳуқуқларни ва бошқа номоддий бойликларни ҳимоя қилиш ҳақидаги талабларга, қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;
-омонатчиларнинг ўз омонатларини бериш тўғрисида банкка қўядиган талабларига;
-фуқаронинг ҳаётига ёки соғлиғига етказилган зарарни тўлаш ҳақидаги талабларга. Даъво муддати ўтганидан кейин қўзғатилган талаблар даъво қўзғатилишидан олдинги кўпи билан уч йил бўйича қондирилади;
-жиноят туфайли етказилган зарарни тўлаш ҳақидаги талабларга;
-мулкдорнинг ёки бошқа эгалик қилувчининг ўз ҳуқуқини ҳар қандай бузишларни, гарчи бу бузишлар эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаса ҳам бартараф этиш ҳақидаги талабларига;
-мамлакат мустақиллиги эълон қилинишидан олдин унинг чегараларидан ташқарига олиб чиқиб кетилган тарихий, маданий ва илмий-бадиий қийматга эга бўлган мол-мулкни ҳамда бошқа қимматбаҳо объектларни қайтариб бериш ҳақидаги талабларга;
-қонунда белгиланган ҳолларда бошқа талабларга жорий қилинмайди.
Фуқаролик қонунчилигимиз талабларига кўра, бузилган ҳуқуқни ҳимоя қилиш талаби даъво муддатининг ўтганлигидан қатъи назар, судда кўриб чиқиш учун қабул қилинади. Бироқ, даъво муддати суд томонидан низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунича берган аризасига мувофиқ қўлланади. Қўлланиш тўғрисида низодаги тараф баён қилган даъво муддатининг ўтиши эса суднинг даъвони рад этиш ҳақида қарор чиқариши учун асос бўлади.
Шундай экан, ўзининг ҳуқуқлари бузилган деб ҳисоблайдиган ҳар бир шахс юқорида кўрсатилган даъво муддатларидан хабардор бўлиши ва ўз ҳуқуқларини тиклаш учун қонунчиликда белгиланган даъво муддатларини ўтказиб юбормасдан, улар доирасида тегишли судларга даъво аризалари билан мурожаат қилишлари мақсадга мувофиқ бўлади.
БАХОДИР ДЖУМАЕВ,Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси