
Сурхондарё вилояти марказидан олис бўлган тоғли ҳудуд Шерабод туманида жойлашган ҳарбий қисмларидан бирида кекса онахонлар ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари иштирокида “Оила муқаддас макон” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Даврага файз бағишлаган ёши улуғ меҳмонлар давра иштирокчиларига гоҳ шоду-ҳуррам гоҳи эса синовли кунларга бой ўтган ҳаёт саҳифаларидан сўзлаб берди. Ҳарбий хизматчиларинг оила аъзоларига оила деб аталмиш муқаддас қўрғоннинг мустаҳкам устунлари сабр ва матонат эканини алоҳида таъкидлаб ўтишди.

Панду-насиҳат, ўгит, маслаҳат ва тавсияларга бой ўтган давра суҳбатида иштирокчилар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

– Ҳарбий округимизда ҳарбий оилаларда соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни таъминлаш мақсадида тадбирлар ташкил этилиши одатга кирган, – дейди Жанубий оператив қўмондонлиги ҳарбий хизматчиларнинг оилалари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассис Қуролли Кучлар хизматчиси Дилором Адилова. –Қарияларимизга эҳтиром кўрсатиш ва албатта, уларнинг ҳаётий тажрибасидан унумли фойдаланиш лозим. Бу бизларнинг шарқона тарбияга хос бир фазилат.

Тадбир сўнгида нуроний онахонлар ҳарбий қисмда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, илиқ таассуротларга эга бўлишди.

III даражали сержант Акбар АҲМЕДОВ,Термиз гарнизони