МАДАНИЯТ

Навоий ҳақида сўз айтиш шараф…

(Озарбайжон Республикаси  АМЕА Низомий номидаги Адабиёт институти  “Озарбайжон-Туркманистон-Ўзбекистон адабий алоқалари” шўъбасининг мудири, филология фанлари доктори, профессор Олмос Улвий билан суҳбат)

 

Олмос хоним,  шундай сўз санъаткорлари борки, уларнинг ижоди асрлар ўтса-да, ўз қийматини йўқотмайди. Низомий, Навоий, Фузулий, Бобур каби классик ижодкорларни улар қаторига қўя оламиз. Алишер Навоий   нафақат туркий халқлар, балки дунё адабиёти тараққиётига ҳам улкан  ҳисса қўшган  санъаткорлардан бири десак янглишмаймиз. Бу зотни қанча таърифласак ҳам камлик қилади. Озарбайжонда ҳам Алишер Навоий асарлари севиб ўқилади ва эъзозланади. Шундай эмасми?

Гапларингиз  жуда тўғри. Классикларимизнинг  адабий мероси, асарларидаги маънавий-ахлоқий қарашлар, фалсафий тушунчалар, ғоявий мазмуни билан бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган. Буларнинг ҳаммаси уларнинг ҳаётий тажрибалари, кенг дунёқарашлари, чуқур билимининг натижасидир.

Афзалиддин Хоқоний, Низомий Ганжавий, Имомиддин Насимий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Султон Ҳусайн Бойқаро, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Лутфий, Муҳаммад Фузулий… Оллоҳга шукурки, бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Оллоҳ бизга яна шу сингари буюк шахсларни инъом этганки, улар дунё маънавий хазинасинининг бебаҳо хазинаси, жавҳарларидир.

Шубҳасизки,  Алишер Навоий умумтуркий дунёни ўз асарлари билан забт этган мутафаккирдир. Унинг адабий мероси асрлар оша ўз қиймати ва долзарблигини йўқотмай келмоқда.  Оллоҳ ана шундай буюк сиймони ўзбек халқи тақдирига битгани уларнинг бахтидир.

 

Мен йигирма уч йилдан буён Алишер Навоий ижодини ўрганаман. Ҳамон шу йўлдаман. Ҳар сафар унинг ижод уммонига шўнғир эканман, бу уммон ҳали ўзининг очилмаган сирларига тўла эканлигига амин бўламан.

Алишер Навоий нафақат ўзбек халқининг, буюк турк дунёсининг, балки  жаҳон адабиётининг улкан сўз санъаткори, уларнинг ҳайратига сазовор бўлган кўнгил меъморидир.

Унинг  ўзбек тилида яратилган “Хазйин ул-маоний” номли  тўрт девонни ўз ичига олган асари бутун турк халқлари адабиётига катта таъсир кўрсатган:

 

Агар бир қавм, гар юз, йўқса мингдур,

Муайян турк улуси худ менингдур.

Олибмен таҳти фармонимға осон,

Черик чекмай Хитодин то Хуросон.

Хуросон демаким, Шерозу Табрез

Ки, қилмишдур найи килким шакаррез.

Кўнгул бермиш сўзумга турк жон ҳам,

Не ёлғуз турк, балким туркмон ҳам.

Не мулк ичраки бир фармон йибордим,

Анинг забтиға бир девон йибордим.

Бу девон тутти ул кишварни андоқ

Ки, девон тузмагай дафтарни андоқ.

 

Озарбайжонда ҳар киши учун Алишер Навоий ўлмас ва донишманд, азиз авлиёдир.

Ўз даврида  Алишер Навоий Ҳиротда  “Навоий мадрасаси”да таҳсил олгани келган озарбайжонлик  ёшларга ғамхўрлик қилган, улар Ҳусайн Бойқаро саройида эъзозланган. Бу фактларга мен шоирнинг “Мажолис ун-нафоис” асарида дуч келдим.

Улуғ шоир ҳали 4-5 ёшларидаёқ Мавлоно Қосим Анварнинг қасидаларини ёд олиб кўпчиликнинг ҳайратига сазовор бўлган. Кейинчалик у Қосим Анварнинг асарлари таъсири остида фалсафий асарларини ёзди. Шунинг билан бирга Навоий вазирлиги даврида Жом шаҳри яқинида Мавлоно Қосим Анварга мақбара қурдириб ўз эҳтиромини кўрсатди.

Ўз тадқиқотларимдан келиб чиқиб бир нарсага амин бўлдимки, Алишер Навоий адабий мероси  ўзбек, турк ва бошқа халқлар тадқиқотчиларидан аввалроқ Озарбайжон олимлари томонидан ўрганилган.

– Биламизки, Алишер Навоий  Низомий  “панжасига панжа уриб”,  уни ўзининг устози билиб  илк бор туркий тилда “Хамса” достонини яратган. Лекин Навоийдан кейин ҳеч бир ижодкор бу ишга журъат қила олмади. Навоий “Хамса”сининг бадиий қимматини қандай баҳолайсиз?  У ўзидан аввал яратилган “Хамса”лардан қайси жиҳатлари билан ажралиб туради?

Алишер Навоий бутун ижодий фаолияти давомида  Низомий асарларидан руҳланди, унинг улуғ санъаткорлиги, шахсияти олдида доим ўз эҳтиромини намоён этди.

Хусусан,  ўз “Хамса”сидан ўрин олган достонларида Низомийни тилга олиб, уни ўзига устоз деб билди, унга таърифлар битди.

Эмас осон бу майдон ичра турмоқ,

Низомий панжасиға панжа урмоқ.

Тутайким қилди ўз чангини панжа,

Неким урди анинг чангига панжа.

Керак шер олдида ҳам шери жанги,

Агар шер ўлмаса, бори паланги.

“Фарҳод ва Ширин” достонидан келтирилган юқоридаги парчадан кўринадики, Низомий “панжасига панжа уриб”, бу майдонда қалам тебратиш мушкул ва шунингдек масъулиятли вазифа эканлигини қайд этади. Навоий бу ишга журъат этиб қўлига қалам олди ва   илк бор туркий тилда “Хамса” яратди. Бу билан у  ўз номини мангуга муҳрлади. Шунингдек, ўз устозларини йўлини муносиб давом эттирди, туркий тил ҳимоясида шарафли вазифани адо этди. Бугунги кунда унинг номи ўзидан аввал яшаб ижод этган улуғ санъаткорлар номи билан ёнма-ён турибди.

Анинг бу ганжидин топмай киши ком,

Нечукким ганжроши Ганжа ором.

Агарчи Ганжада ороми онинг,

Вале ганж узра доим гоми онинг.

Кўнгул кунжин қилиб ганжи маоний,

Оғиз абвоби савтидин ниҳони.

Ики лабдин эшиклар айлабон ул

Ки, ҳар ким топмағай ул ганж аро йўл.

Вале меъмори ҳикматсози онинг,

Бурундин қилди сангандози онинг.

Низомий ва Навоийни  300 йиллик вақт масофаси ажратиб турибди. Албатта, Деҳлавий, Низомий ва Навоий “Хамса”ларининг бир-биридан фарқли жиҳатлари кўп.  Навоий “Хамса”си аввалгиларидан фарқли ўлароқ туркий тилда яратилган. Назаримда, Навоий “Хамса”си нафис тили, гуманистик ва инсонпарварлик, фалсафий қарашлари, поэтик маҳорати жиҳатидан  юксак мақомга кўтарилган.

Табиийки, бу асарлар мазмунидаги гуманизм, ишқ, севги, Аллоҳга муҳаббат, садоқат тушунчалари уларни бирлаштириб туради.

–  Навоийнинг Фузулий ижодига кўрсатган таъсирини қайси омиллар билан баҳолаш мумкин?

Навоий Низомий Ганжавийни ўзига устози билгани ўлароқ, Фузулий ҳам Навоийни устоз деб билган. Дунё шеъриятида Фузулийнинг лирикаси катта ўрин тутади. Албатта, унинг лирикасида Навоийнинг руҳи, овози, нафаси сезилиб туради. Фузулийнинг мана 500 йилдирки диллардан-дилга кўчиб келаётган кўплаб ғазаллари Навоий ғазалларига назира тарзида битилган. Албатта, бу адабий таъсирни бир неча омиллар билан баҳолаш мумкин. Бу алоҳида тадқиқотларни талаб қилади.

– Озарбайжон адабиётшунослигида Алишер Навоий ижодини ўрганиш ва тар­жима қилишда Фаридунбей Кўчарли, Ҳамид Арасли,  Паноҳ Халилов, Жаннат Нағиева, Халил  Рза Улутурк, Комил Вали Наримонўғли, Рамиз Асқар, Тарлон Қулиев сингариларнинг ўрни бениҳоя каттадир. Бугунги кунда Озарбайжонда навоийшунослик соҳасида қандай  ишлар амалга оширилмоқда?

Тўғри айтдингиз. Сиз юқорида номларини қайд этган атоқли олимлар ва ижодкорлар Навоий адабий меросини тадқиқ этишда жонбозлик кўрсатганлар. Уларнинг бу хизматлари таҳсинга сазовор, албатта. Бу тадқиқотчиларнинг илмий мақолаларини 2009-йилда “Алишер Навоий Озарбайжон адабиётшунослигида” номли китобда жамлаб нашр эттирдим.

Бу китоб Навоий ижодини ўрганишдаги муҳим манбалардан бири бўлди. Озарбайжонда Алишер Навоий ижоди мана бир неча асрлардан буён ўрганиб келинди ва бугун ҳам тадқиқ этилмоқда. Ишонаманки, бу жараён келажакда ҳам тўхтаб қолмайди. Бугун янги авлод шаклланди. Мустақиллик йилларида Алишер Навоий ижоди янгича нуқтаи назар билан ўрганилди. Биласизки, шўро замонида атеистик қараш устувор эди. Шу жиҳатдан Навоий ижоди бир томонлама талқин этилиб келинди. Мустақиллик йилларига келиб эса Навоий ижодидаги тасаввуфона қарашлар ҳам ўрганилди. Унинг асарларидаги поэтик тушунчалар асл мазмуни билан  тадқиқ этиляпти.

Маълумки, атоқли озарбайжонлик олима, Навоий ижодий меросининг улкан билимдони Жаннат Нағиеванинг навоийшунослик соҳасидаги ишлари  катта аҳамият касб этади. Мен  олимани ўзбек навоийшунослигининг зукко тадқиқотчиларидан бири, Ўзбекистон Қаҳрамони Суюма Ғаниева билан  қиёслагим келади. Ҳар иккаласини ҳам Навоийга бўлган улкан муҳаббат бирлаштириб туради. Бу икки олиманинг илмий  тадқиқотлари бугунги изланувчилар учун жуда катта маҳорат мактабидир. Бу фикрларимга қарши бўлмасангиз керак.

Раҳматлик Жаннат Нағиева менинг азиз устозим, фидокор навоийшунос олима эди. У Озарбайжон илм-фанинг етакчи намояндаларидан бири бўлиб, унинг илмий мероси ўз долзарблиги билан катта аҳамият касб этади. Жаннат хоним Алишер Навоий асарларининг қўлёзма нусхаларини менга кўрсатар, биз биргаликда Навоийнинг сеҳрли оламига шўнғирдик.  

Биласизки, олиманинг бутун илмий фаолияти Озарбайжон Қўлёзмалар институти билан боғлиқ бўлиб, 50-йилларда бу муқаддас даргоҳни ташкил этишда жонбозлик кўрсатди. Атоқли ўзбек навоийшунос олими Ҳамид Сулаймон Бакуга келиб Қўлёзмалар институтига  Навоий асарларининг  қўлёзма нусхалари устида изланишдар олиб борди. Бу ишда Жаннат хоним унга кўмакдош бўлди. Кейинчалик олима Навоий ижоди бўйича номзодлик ва докторлик диссертацияларини ҳимоя этиб, таниқли навоийшунослардан бири бўлди. 

Тўғри таъкидладингиз, Суюма хоним ила Жаннат хоним ўртасида  ҳурмат-иззат кучли эди. Ҳар гал Ўзбекистонга бориш олдидан Жаннат хонимнинг дуоларини олар, Суюма хонимга унинг саломларини етказар эдим. Бакуга қайтгач Суюма хонимнинг саломларини устозимга етказар эдим. Бу икки  фидокор навоийшунос олима менинг устозларимдир. Мен бу олималарга шогирд эканимдан фахрланаман. Аллоҳ Жаннат хонимни раҳмат айласин, Суюма хонимга эса узоқ-узоқ умр ато этсин. Ҳар икки устозим ҳақида мақола ёзиб матбуотда, китобларда нашр эттирдим (Профессор Суюма Ғаниева ҳақида “Шарқ дунёсининг навоийшунос маликаси – Суюма опа”, профессор Жаннат Нағиева ҳақида эса   “Навоийшунос олим Жаннат Нағиева” номли мақолаларимни эслаб ўтишни жоиз деб билдим). Ҳар икки устозим ҳам мен ҳақимда матбуотда ёзганлар, докторлик диссертациямнинг ҳимоясида расмий оппонент  бўлганлар. Уларнинг 5-6 саҳифалик мақолалари менинг учун жуда қадрлидир.

Низомий ва Навоий. Озарбайжон ва ўзбек адабий алоқалари, абадий дўстлигининг  рамзидир. Мана асрлар ўтяптики, бу адабий дўстлик тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Навоий ижодий меросини ўрганиш ва уни дунёга кенг тарғиб қилишда озарбайжон ва ўзбек олимларининг ўзаро ҳамкорлиги доирасида қандай ишларни амалга ошириш лозим деб ўйлайсиз?

Низомий Ганжавий – Алишер Навоий адабий хазиналари икки буюк халқ орасидаги қизил кўприкдир.

Бизнинг бугунги дўстлигимизнинг тарихи халқ сифатида шаклланган пайтимиздаёқ бошланган десам муболаға бўлмас. Чунки бизнинг урф-одатларимиз, адабий-маданий алоқалар тарихимиз умумтуркий халқлар тарихининг  ажралмас бир бўлагидир.

Бугун Низомий Ганжавий адабий мероси қанчалик бизники бўлса, шу қадар  ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман, татар, бошқирд, туркларники ҳамдир. Алишер Навоий ҳам, Муҳамад Фузулий ҳам барчамизникидир.

Уларнинг номларини дунёнинг турли нуқталарига янада кенгроқ ёйиш учун бизга бирон бир иш қолмаган десам бўлади. Уларнинг шуҳрати аллақачон дунёга таралган.

 Бугунги кунда Алишер Навоий ҳақида ёзиш, санъаткорлик қудратини тадқиқ этиш, ижодий асарларини тарғиб этиш ҳар қачонгидан ҳам  муҳимроқдир. Чунки бугунги жамият учун унинг идеалларига эҳтиёж бор.

Алишер Навоий асарларини бугунги ёш авлодга ўргатиш уларнинг маънавий дунёсини бойитиш баробарида дунёни зулмкор ғоялардан асраш учун ҳам айни муддаодир. Навоий ҳар доим ҳақиқат тарафида бўлиб, инсонларни адолатли бўлишга, дунёнинг ўткинчи бойликларига ишонмасликка даъват этган.

Яқин  тарихдан бир мисол келтирай. 2016-йил Алишер Навоий таваллудининг 576 йиллиги кенг нишонланди. Террор, зулм ичига бурканган дунёнинг ҳар тарафида Алишер Навоий байрами нишонланди. Ҳатто душманлар, радикал кучлар Навоий байрамига қаршилик қилмадилар. Толибонлар ҳар тарафда хавф солиб турган Афғонистонда Навоий таваллуди кенг нишонланди.

Дунёнинг бугунги кунда Низомий, Навоий, Насимий, Фузулийларга маънавий эҳтиёжи бор.

     Олмос хоним, сизни нафақат Озарбайжонда, балки Ўзбекистонда, бошқа туркий давлатларда ҳам Навоий ижодининг тадқиқотчиси ва тарғиботчиси сифатида билишади. Сизнинг Навоийга бўлган чексиз муҳаббатингиз  эътирофга лойиқ. Озарбайжонда Навоий таваллуди муносабати билан  конференция ва маданий тадбирларни ташкиллаштиришдаги жонбозликларингиз таҳсинга сазовор.  Навоий  ижодига оид яна қандай тадқиқотлар устида изланяпсиз? Бу борадаги илмий режаларингиз ҳақида ҳам ўртоқлашсангиз.

Ташаккур, эътирофингиз учун!

Билишингизни истардимки, Алишер Навоий ижодига муҳаббатим туганмасдир, бу муҳаббатим самимий. Баланд минбарларда Навоий ҳақида сўз юритиш мен учун  шарафлидир.

Бу масъулиятли вазифани устозларим менга омонат қолдирганидан бахтиёрман. Алишер Навоий ҳақида  сўзлаш, унинг ижодидан баҳс этиш менга чексиз завқ бағишлайди.

2016-йилда озарбайжон ва ўзбек адабиёти соҳасидаги кўрсатган хизматларим учун  Озарбайжон Миллий Билимлар Академиясининг Бош Ҳайъатининг фармони билан Низомий номидаги Адабиёт институтининг “Йил олими” фахрий унвонига лойиқ топилдим.

Булар Академия тарихида янги бир шўъбанинг очилишига сабаб бўлди: “Озарбайжон-Туркманистон-Ўзбекистон адабий алоқалари” шўъбаси таъсис этилди. Мен шўъба мудири этиб тайинландим.

Хабарингиз бор, 2016-йилда ўзбек адабиётига оид икки китобим нашр этилди. Улар: “Ўзбек адабиёти (адабий портретлар, тадқиқотлар, суҳбатлар)” (Масъул муҳаррир ва сўзбоши муаллифи академик Исо Ҳаббибейли. – Боку, “Илм ва таҳсил”, 2016. – 316 б.) ва   Olmos Ulviy. «O’zbek adabiyoti va Ozarbayjon (tadqiqotlar, adabiy portretlar)» (Масъул муҳаррир ва сўзбоши муаллифлариi: проф. Қозоқбой Йўлдошев, ф.ф.н. Сирдарёхон Ўтанова. – Тошкент, 2016. 216 б.).

Булардан ташқари Озарбайжон Ёзувчилар уюшмасининг  “Ёзувчи” журналининг 40 саҳифалик махсус сони  Навоийга бағишланди. “Алишер Навоий” деб номланган бу махсус сонда  шоирнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ўқувчиларга атрофлича маълумотлар берилган.

Ҳали олдинда режалаштирилаётган ишларимиз бисёр!

Аммо шуни таъкидлашни истардимки, бу сингари ишларимизда Ўзбекистон томонининг эътиборини ҳис этдик. Бу бизга  янада куч-ғайрат бағишлайди.

Мен ўзимни Ўзбекистоннинг фахрий фуқароси ва илмий ходими деган бир шарафли масъулиятни ҳис этаман.

Мен ҳар доим ўзбек халқига, унинг адабиёти ва  маданиятига чуқур эҳтиромимни билдираман.

Ўғлим Атилла ҳамиша  онам жисман биз билан Озарбайжонда, руҳан Ўзбекистонда  яшайди деб айтади.

Олмос хоним, сизга ҳам чексиз миннатдорчилик билдириб, ҳар ишда Навоийнинг руҳи мададкор бўлишига тилакдошмиз! 

Обид бей, мен сиздан кўп миннатдорман. Соғ бўлинг! Буюк авлиё бобомиз Навоийнинг руҳи барчамизга мададкор бўлсин!

 

Обид Шофиев суҳбатлашди.