МАДАНИЯТ

Хема Малини. Орзу Қизи юксаклик ва гўзаллик чўққисида

Машҳур ҳинд актрисаси Хема Малини (1948 йил, 16 октябрь) 150 дан ошиқ  фильмда қатнашган. Улардан энг таниқлиси “Зита ва Гита” фильмидаги эгизак қизлар образидир. Шунингдек, Хема Малини муваффақиятли режиссёр, продюсер ва сиёсатчи ҳам  саналади.

  Мазкур ёрқин кино намояндаси Ҳиндистоннинг жанубида таваллуд топган. Унга омад жудаям кулиб боққан. Биринчидан унинг оиласи нафақат жамиятда ўз ўрнига эга , балким ниҳоятда бадавлат ҳам эди. Иккинчидан болалигида қизалоқнинг онаси Жая таниқли кинопродюсер эди. Ўша йилларда Ҳиндистонда кўплаб фильмлар суратга олинишига қарамасдан, кўчадан дабдурустдан келган кишига кино оламининг эшиклари тақа-тақ беркилган. Ёпиқ оилавий бизнес бегоналарга тоқат қилмасди. Хемани жудаям эрта  катта экранга тайёрлай бошлашди. Ҳинд картиналарида ашула ва рақс асосий ва шартли унсур ҳисобланади, шу сабаб қизча анъанавий санъатнинг барча нозик қирраларини ўзлаштира бошлади. Унга ҳайратга молик ташқи қиёфаси ҳам омад келтирди. Жудаям нафис чиройда бўлган қизни экранга олиб чиқмасдан бўлмасди. Бу ҳақда уни ниҳоятда суйган онаси ҳам қайғурди, фарзанди учун  шон-шуҳратга эришиш йўлларини мумкин қадар тез, енгил ва қулай қилди. Ҳар ҳолда илк фильмларда у камтарона раққосалик иштироки билан қаноатланган. Ҳар бир ҳинд актёри Болливудга, жазирама ўлканинг ажабтовур “орзулар фабрикаси”га тушиб қолишни истайди. Фақат шу ерда А -тоифадаги фильмда қатнашиш ва дунё миқёсидаги юлдуз бўлиб етишиш имкони мавжуд. Албатта, Хема ҳам шу ният иштиёқида эди. Ниҳоят нияти ушалди. Қизни “Орзулар сотувчиси” фильмига бирданига бош ролга таклиф этишди. Бунинг устига, ўша йилларда Ҳиндистондаги энг машҳур актёр Раж Капур у  билан ёнма-ён роль ўйнаши керак эди. Унинг картинадаги иштироки актрисага юз фоизлик муваффақиятни таъминларди. Чиндан ҳам шундай  бўлиб чиқди.  Хема Малини юлдузга айланди.

 Бутун жаҳонга машҳурлик қозонган  “Зита ва Гита” филмидан сўнг Сажив Кумар Хемага ишқий мулозамат кўрсата бошлади. Тасвирга олиш майдончасида уларни ҳамкорликда кўришни ёқтирган томошабинлар реал ҳаётда ҳам севимли жуфтликни биргалигидан мамнун эдилар. Тезда , актёрларнинг муносабати шунчаки ўзларини атрофдагиларга кўз-кўз этиш учун эмаслиги маълум бўлди. Сажив маъшуқасига урф-одатларга биноан турмушга чиқишни таклиф қилди. Қизнинг оиласи уларнинг иттифоқига бажонидил рози бўлди. Уларга фақат битта шарт қўйилди- тўй Хема кинодаги фаолиятини тугатиб, ўзини рафиқа ва она сифатидаги вазифаларини бажара олган пайтдагина ўтказилиши лозим эди. Ҳамма хотиржам эди, бироқ бу узоққа чўзилмади. Хеманинг ошиқ-маъшуқлиги Сажив Кумар билан эмас, мутлақо бошқа одам билан эканлиги ҳақидаги миш-миш тезда ёйилиб, онаси Жаянинг ҳам қулоғига етиб борди. У ниҳоятда даҳшат ичида қолганди, чунки қизига актёр Дхармендра билан ишқий муносабатни тиркашаётганди. Ахир у нафақат барча аёлларнинг севимли кишиси, уйланган ва тўртта фарзанди бор эркак эди!

  “Қасос ва қонун” фильмини суратга олиш жараёнида мазкур муҳаббат учбурчаги тўқнаш келди. Қизиқ жойи шундаки, фильмда даставвалига  Хема қаҳрамони ва Сажив Кумар қаҳрамони ўртасида  ишқий можаро рўй бериши керак эди Бироқ, Дхармендра қатъий туриб олиб, Кумарга бошқа мазмундаги ролни топширтиришга муваффақ бўлди. Қиз билан ҳароратли ишқий саҳналарни эса  ўз зиммасига олди. Уларнинг орасидаги туйғулардан хабари йўқ Хеманинг онаси бундан хурсанд эди, чунки  қайлиғи билан алоқаси узилгач, унинг  уйланган эркак билан жуфтликда суратга тушиши рисоладагидек бўлганди. Кучли интизомий тарбия ва миллий урф-одатлар уни ғайир нигоҳлардан ҳимоя қилиши зарур эди. Кейин эса маълум бўлди-ки, уларнинг бирга ишлаши яқинлашишига туртки берган. Жая астойдил ҳатти-ҳаракат билан бу осий муносабатни тугатишга уринди. Чунки ҳиндийлик эътиқоди  ажралишга ва қўш хотинликка йўл қўймайди. Шу сабабдан қизи севган кишисининг расмий жуфти ҳалоли бўлолмасди. Бу жиҳатни инобатга олган ҳолда Жая қизни ким биландир унаштириб, тўй қилмоқчи бўлди. Бунга талабгорлар доим етарли эди. Лекин севишганлар зинҳор таслим бўлишни исташмасди. Тайинланган маросимдан олдин улар ўз муносабатларининг келажаги борлигига барчани ишонтира олишди. Улар Дхармендрани ажрашишга имкон берадиган мусулмон динини қабул қилишди. Шундан сўнг узоқ кутилган тўй тантанаси  бўлиб ўтди. Севишганларга нафақат оилаларнинг тушунмаслиги, мухлислар ҳафсаласининг пир бўлаётгани ҳам таҳдид уйғотаётганди. Чунки улар ўз халқи анъналарига хиёнат қилишганди. Аммо бу ҳолатда  томошабинлар оммасининг Орзу Қизига нисбатан улкан меҳр- муҳаббати ҳал қилувчи қарорни  чиқарди. Ҳиндистонда Хема Малинини айнан шу ном билан аташади. Одамлар учун унинг гўзал ижролари муҳимроқ экани намоён бўлди. Қонунларга итоат этмаслик ҳам бир маънода севимли фильмлардаги воқеаларни ёдга соларди.

  Ҳозирги  вақтда Хема аввалгидек ўз турмуш ўртоғи билан бахтиёр. Икки қизи аллақачон вояга етган ва улар ҳам актрисаликни танлаган. Бу оилада эса бошқача бўлиши мумкин эмас.