ЎЗБЕКИСТОН

Янги Меҳнат кодексида микрофирмаларга берилаётган имкониятлар

Микрофирма деганда ишлаб чиқариш тармоқларидаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан 20 киши бўлган ёки хизмат кўрсатиш соҳасидаги ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган бошқа тармоқлардаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан 10 киши бўлган ёки улгуржи, чакана савдо ҳамда умумий овқатланиш тармоқларидаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан 5 киши бўлган юридик шахс тушунилади.

Янги Меҳнат кодексида микрофирмалардаги меҳнатнинг алоҳида ҳусусиятлари ва қоидалари назарда тутилган бўлиб, бу нормалар Кодекснинг 29-боби 1-параграфидаги 504, 505 ва 506-моддалари ўз аксини топган.

Меҳнат кодексига киритилган бу нормалар микрофирмалар эгаларига ва раҳбарларига анчагина қулайлик беради.

Биринчидан, микрофирмалар учун баъзи бир ички ҳужжатларни тасдиқлаш мажбурий бўлмайди. Мисол учун, микрофирмалар ички меҳнат тартиби қоидалари, меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги низом, мукофотлаш ҳақидаги низом, сменалар жадвалини ва бошқа шунга ўхшаш ҳужжатлардан тўлиқ ёки қисман воз кечишга ҳақли.

Иккинчидан, микрофирмалар ишга қабул қилинаётган шахслар билан ўзаро келишув асосида муддатли меҳнат шартномалари тузишлари мумкин, гарчи бу шахс бажарадиган иш ва унинг ҳусусияти муддатли характерга эга бўлмаса ҳам.

Учинчидан, микрофирма ходимнинг меҳнат шароитларини ўзгартирмоқчи ва иш берувчининг бошқа жойга кўчиши муносабати билан жойни ўзгартирмоқчи бўлса, ходимни камида 1 ой олдин ёзма равишда хабардор қилиши лозим бўлади. Бошқа умумий ҳолатларда ва бошқа корхоналарда бу муддат камида 2 ойни ташкил қилади.

Тўртинчидан, микрофирма ходими иш берувчи бўлган микрофирмани 7 календарь кун олдин ёзма равишда огоҳлантириб, ўз ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли бўлади. Бошқа умумий ҳолатларда бу муддат 14 календарь кунни ташкил қилади.

Бешинчидан, меҳнат шартномасини интизомий жазо сифатида бекор қилишга асос бўладиган меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузилишлар рўйҳати ходим билан тузилган меҳнат шартномасида белгилаб олиниши мумкин. Биласиз, умумий ҳолатларда булар корхонанинг ички меҳнат тартиби қоидалари билан белгилаб олинади.

Олтинчидан, микрофирма рахбари ўз ходими билан тузилган меҳнат шартномасини Меҳнат кодексида назарда тутилган асослардан ташқари меҳнат шартномасида назарда тутилган асослар бўйича ҳам бекор қилишга ҳақли бўлади. Масалан, микрофирма ходими билан тузилган меҳнат шартномасида корхонанинг оғир молиявий аҳволга тушиб қолиши, ёки ходимнинг меҳнатига зарурат қолмаганлиги каби ҳолатларда меҳнат шартномаси тўғридан-тўғри шу асослар билан бекор қилинишига оид мураккаб бўлмаган шартлар назарда тутилиши мумкин бўлади.

Еттинчидан, микрофирма ходимини меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида огоҳлантириш муддатлари, шунингдек меҳнат шартномаси бекор қилинганда тўланадиган ишдан бўшатиш нафақасини ҳамда бошқа компенсация тўловларини тўлаш ҳоллари ва миқдорлари бемалол меҳнат шартномасида белгилаб олиниши мумкин. Бундай шартлар ва бу кафолатлар агар меҳнат шартномасида кўрсатилмаган бўлсагина, Меҳнат кодекси ҳамда меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда кўрсатилган кафолатлар қўлланади.

Нилуфар Тўраева , фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг судьяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan