Сурхондарёда ҳарбий хизматчилар ўртасида вилоят ҳокими соврини учун мусобақалар ўтказилди

Сурхондарёда Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг ҳарбий хизматчилари ўртасида “Амир Темур ўғлонлари”, “Жалолиддин Мангуберди ворислари” ва “Тўмарис издошлари” танловлари бўйича вилоят ҳокими соврини учун беллашувлар ўтказилди.

Мазкур танловни ўтказишдан мақсад — ҳарбий хизматчилар ва ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, жисмоний тарбия билан фаол шуғулланишга жалб этиш, Сурхондарё вилоятининг бахшичилик, достончилик ва Алпомишдек қаҳрамонларга тенглашиш каби анъана ва қадриятларини уларнинг онгига сингдириш иборат.

Мусобақанинг очилиш маросимида вилоят ҳокимлиги, барча куч тузилмалар масъуллари, вилоят от спортини ривожлантириш бошқармаси вакиллари иштирок этиб, беллашув иштирокчиларига омад тилади.
Ҳар бир ҳудудининг ўзига хос хусусиятлари, қадриятлари, тарихи ва маданиятини, армия ва халқ якдиллигини янада мустаҳкамлашга қаратилган мазкур танлов муросасиз ва қизиқарли баҳсларга бой бўлди.

Хусусан, кўрик танловнинг “Тўмарис издошлари” йўналиши бўйича барча куч тузилмалардан жами 8 нафар аёл ҳарбий хизматчи иштирок этиб, пневматик милтиқдан ўқ отиш, “Калашников” автоматини нотўлиқ қисмларга сочиш ва йиғиш ҳамда “Тиббий эстафета” шартлари бажарилди.

Сурхондарё вилояти ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмларда хизматини ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг бахшичилик санъати ва от миниш сирларидан хабардорлигини ошириш мусобақанинг асосий мақсадларидан бири бўлди. Шу боис уларнинг дўмбирада, чанқовузда куй ижро этиши ҳамда улоқ чопиш маҳорати синовдан ўтказилди.

Таъкидлаш керакки, ҳакамлар ҳайъати баённомасига асосан, мусобақанинг ҳар бир йўналиши бўйича юқори балл олган иштирокчилар танловнинг вилоят босқичида ғолиб ҳисобланади. Якуний натижаларга кўра, вилоят босқичида белгиланган ҳар бир йўналиш бўйича Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ ҳарбий хизматчилари фахрли 1-ўринни қўлга киритди.

Ғолиблик шоҳсупасидан ўрин олган ҳарбий хизматчилар вилоят ҳокими томонидан қимматбаҳо совғалар, пул мукофотлари ҳамда махсус диплом билан тақдирланди.
III даражали сержант Акбар АҲМЕДОВ, Термиз гарнизони