ДУНЁ

Афғонистонда аномал совуқ сабабли 25 киши вафот этди

Афғонистоннинг Ҳирот, Бағлон ва Ғазни вилоятларида аномал совуқ туфайли 24 нафар гиёҳванд ва бир нафар чўпон вафот этди. Бу ҳақда Hasht-e Subh Daily хабар берди.

Бағлондаги манбалар Пули Хумри шаҳри яқинида беш нафар гиёҳванднинг жасади топилганини хабар қилган. Улардан уч нафари «Толибон» муниципалитети томонидан дафн этилган, яна икки нафарининг жасади Бағлон вилоятидаги ўликхонада сақланмоқда.

Ҳирот вилоятидаги манбалар эса сўнгги бир неча кун ичида 19 нафар гиёҳванд эркак совуқдан вафот этганини маълум қилган.

Таъкидланишича, одамларнинг аксарияти кўнгилочар боғларда, жумладан, Ҳирот шаҳрининг Камер Калаг ҳудудида вафот этган. Ғазни вилояти Навер туманида аномал совуқ туфайли чўпон ҳалок бўлган. Афғонистонда ҳам сўнгги бир неча кун ичида аномал совуқлик кузатилмоқда, оқибатда одамлар вафот этмоқда.

Аввалроқ БМТнинг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси Афғонистонда ҳаво ҳарорати -35 даражагача совиши кутилаётганидан огоҳлантирганди. Бошқарма оилаларни пул, ёқилғи, иситиш ускуналари ва иссиқ кийим билан таъминлашни бошлаган. «Толибон» аёлларнинг ташкилотларда ишлашини тақиқлагани оқибатида гуманитар ёрдам етказиб беришда қийинчиликлар кузатилмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan