ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Яна бир нафар бир ёшли бола «Док-1 Макс» сиропини қабул қилиб вафот этди

Ҳолат юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилган.

Деҳқонобод туманида яшаган 2021 йилда туғилган Х.Ш 5 кун давомида ўз турар жойида “Док-1 Макс” сиропини истеъмол қилиб келиб, соғлиги ёмонлашганлиги сабабли жорий йилнинг 27 декабрь куни РШТЁИАМ Қашқадарё филиалига олиб келиниб, кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, шу йилнинг 28 декабрь куни вафот этди, дея хабар бермоқда Қашқадарё вилояти прокуратураси матбуот хизмати.

Мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан ЖКнинг 186-3-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг 23.12.2022 йилдаги буйруғи билан “Док-1 Макс” дори воситаларини дорихоналардан қайтариб олиш белгиланган.

Шунга кўра, “Док-1 Макс” дори воситаларини қабул қилмасликни, ушбу дори воситалари сотилаётганлиги ҳамда тавсия қилинаётганлигидан хабар топсангиз дарҳол прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беришингизни сўралади, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал “Док-1 Макс” дори воситаларини қабул қилган 18 нафар бола вафот этгани ҳақида хабар берган эдик.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan