Uncategorized

Урганч тумани ҳокимининг ўринбосари 43 минг АҚШ доллари билан ушланди

Урганч туманида ҳоким ўринбосари ва унинг шериги бўлган мутахассис ушланди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Хабарда айтилишича, Департамент ҳамда ДХХнинг Хоразм вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, вилоят “Чорванасл” марказининг Урганч тумани етакчи мутахассиси Т.М. фуқаро Н.нинг фермер хўжалигига тегишли 50 гектар ер майдонини ҳокимлик захирасига қайтариб олиб, кейинчалик унинг номига янги фермер хўжалиги ташкил этиб, ушбу ер майдонини қайта расмийлаштириб бериш эвазига 80 000 АҚШ доллари талаб қилиб, шундан 60 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.   
 
Т.М.нинг кўрсатувига асосан давом этган тадбирда, Урганч тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Р.А. фуқаро Н.номига фермер хўжалиги ташкил қилиш ва ер майдони ажратиб бериш масаласини ҳал қилиб бериш эвазига ўз хонадонида мутахассис Т.М.дан 43 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлар ўтказилмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan