Uncategorized

Автомобил йўллари қўмитаси имом-хатибдан маърузаси учун раддия талаб қилмоқда

Тошкентдаги «Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфиддинов жума маърузаларидан бирида йўл қурилиши тизимини танқид қилган. Жумладан, Раҳматуллоҳ қори шундай деган:

«Каттасидан тортиб оддий ишчисигача, Аллоҳ мени кўриб турибди, деб йўл қурса нима бўлади, биродарлар, йўллар ёмғир ёққач чўкиб кетмайди, янги йўл қурилгач йил бўйи ремонт бўлиб ётмайди.

Агар Аллоҳ кўриб турибди деса, ўғирлик бўлмайди.

Бу ахир қандай шармандалик. Янги йўл тушади-ю фақат уни ўраб ремонт қилиб ётади, Буёғини энди ремонт қилса, буёғи чўкиб кетаверади.»

Автомобил йўллари қўмитаси эса имом-хатибнинг маърузасидан норози бўлиб Ўзбекистон Мусулмонлари идорасига шикоят киритибди.

Қўмита ушбу маъруза учун раддия берилишини сўрамоқда.

Хўп, нима деб раддия берилиши керак? Йўлларимиз ойнадек текис, бирорта чуқур йўқ, йўл-кўприк қурилишига ажратилган миллиардлаб пулларнинг 1 сўми ҳам талон-торож қилинмайди, бутун халқимиз йўлларимиз сифатидан рози, деб айтилиши керакми? Бунинг ёлғонлигини барча билиб турса ҳам, лекин нозик кўнгилли Қўмита раҳбарларига шунақа кўзбўямачилик керакми?

Қизиқ, депутат танқид қилганда судга беришса, имом-хатиб ҳаммани инсофга чақирганда раддия сўрашса… Ундан кўра, муаммоларни тўғрилаш билан шуғулланишса бўлмасмикин?- деб ёзмоқда ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев телеграм каналида.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan