СПОРТ

Сурхондарёда илк маротаба спортнинг камондан отиш тури бўйича «Ўзбекистон кубоги» мусобақаси бўлиб ўтмоқда

Жорий йилнинг 12-17 сентябрь кунлари Термиз шаҳридаги «Сурхон-Арена» спорт мажмуасида спортнинг камондан отиш тури бўйича «Ўзбекистон кубоги» мусобақаси бўлиб ўтмоқда.

Бугун Термиз шаҳридаги «Сурхон-Арена» спорт мажмуасида спортнинг камондан отиш тури бўйича «Ўзбекистон кубоги» мусобақасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Сурхондарё вилояти Қўриқлаш бошқармаси бошлиғи, Сурхондарё вилояти Камондан отиш федерацияси раиси А.Умаров, вилоят Спортни ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи А.Арабов ҳамда Камондан отиш бўйича Ўзбекистон Миллий терма жамоаси бош мураббийи Г.Ариповалар сўзга чиқиб, юртимизда мазкур спорт турини янада ривожлантириш ва оммалаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар, уларнинг самараси хусусида тўхталиб ўтдилар.

Республикамизнинг Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардан ташриф буюрган спортчиларга омад ва зафарлар ёр бўлишини таъкидладилар.

Мусобақанинг очилиш маросимида бир гуруҳ фахрийлар, нуронийлар, ҳаваскор ёшлар иштирок этиб, ўзларининг мерганлик маҳоратларини синовдан ўтказдилар.

Уч авлод вакилларининг тадбир доирасидаги учрашуви катта таассуротларга бой бўлди. Кайвони отахонлар дуога қўл очиб, спортчиларга янги зафарлар, улкан ютуқлар тилади.

Шундан сўнг, эркаклар ва аёллар ҳамда ёшлар ўртасида 60 ва 70 метр масофадаги нишонда камондан отиш беллашувларига старт берилди.
Термиз шаҳрида мусобақа давом этмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan