ЖАМИЯТ

“ҲУДУДГАЗ СУРХОНДАРЁ” ГАЗ ТАЪМИНОТИ ФИЛИАЛИ ТОМОНИДАН 8 ОЙ ДАВОМИДА 3232 ТА МУРОЖААТ ИЖОБИЙ ҲАЛ ЭТИЛГАН

Бугун мамлакатимизда давлат органларининг халқ олдидаги ҳисобдорлигини кучайтиришга қаратилган амалий чора-тадбирлар тобора қизғин тус олмоқда. Айни жараёнда халқ билан очиқ мулоқот ўтказиш, фуқаролар мурожаатларида кўтарилган -масалаларни қонун талаблари асосида ҳал этиш ва пировардида инсон манфаатларини таъминлаш муҳим ўрин тутаётир.

Халқ билан бирга яшаб, унинг дардини ҳис этиш бугун ҳар бир ташкилот учун муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Айниқса, вақтида ҳал этиладиган мурожаатлар нафақат фуқаронинг, балки ўша даврнинг ҳам фаровонлигини таъминлайди. “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали ҳам ўз олдига аниқ мақсад қўйиб, мурожаатлар ечимига астойдил киришмоқда.

Бугун фуқаролар билан ишлашда асосан нималарга эътибор қаратилмоқда?

Истеъмолчига ҳар томонлама кўмаклашиш бизнинг асосий мақсадимиз экан, бевосита уларнинг мурожаатларини вақтида ҳал этиб беришга ҳаракат қиламиз. Албатта, мурожаатлар турли йўналишларда. Уларнинг ҳал этилиши эса узоқ муддат эмас, балки қисқа вақтни талаб этади. Шунинг учун ҳам биз доим фаол ва ташаббускор бўлишимиз шарт. Муҳими, масъулиятни ҳис этишимиз даркор. Жисмоний ва юридик шахслардан мурожаатлар Фуқаролар қабулхонаси, электрон почтаси, (76) 221-05-97 рақами остидаги “call-centre ” хизмати ҳамда ижтимой тармоқлардаги махсус гуруҳлар орқали қабул қилинади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонаси, Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси виртуал қабулхонаси ҳамда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ Бошқаруви раиси виртуал қабулхоналари орқали ҳам келиб тушмоқда.

Келиб тушаётган мурожаатларнинг ижобий ечимини ҳал этиш биз учун катта аҳамиятга эга. Ҳар бирининг ижроси тезкорлик билан таъминланади. Амалий ечими ҳал этилгунига қадар қаттиқ назоратда бўлади. Сўнгги 8 ой давомида 3360 та мурожаат келиб тушган бўлса, қисқа фурсат ичида уларнинг 3232 таси ҳал этилган, 128 таси истеъмолчиларга тушунтириш ишлари олиб борилган, 87 таси эса тегишли тартибда кўриб чиқилмоқда

Фуқаро мурожаатларининг амалий ечимининг ҳал этилиши учун асосан нималарга эътибор қаратилади?

Мурожаатлар юқорида айтиб ўтганимиздек, турли манзиллардан келади. Уларни вақтида ҳал этиш учун эса биз дастлаб бевосита мурожаатчининг ўзи билан боғланиб, муаммоси билан яқиндан танишамиз. Ижроси белгилаб берилган муддатгача назоратга олинади. Шубҳасиз, ҳар бир муаммо ҳамкасблар томонидан жойида ўрганилади. Агар мурожаат асосли бўлса ўз вақтида, жойида ечилади. Албатта қонун доирасидан келиб чиққан ҳолда кўмаклашамиз. Шунингдек, тушунтириш ишларини ҳам олиб борамиз.

Таъкидлаш зарур ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши натижасида ижтимоий тармоқлар орқали соҳа билан боғлиқ бир қатор мурожаатлар келиб тушмоқда. Уларнинг амалий ечими эса уч кунга қолмай ҳал этилмоқда. Бу эса фуқаролар учун жуда катта кўмак деб ўйлайман.

Мурожаатларнинг ечими билан боғлиқ муаммолар, эътирозлар ҳам учраб турадими?

Асосий мақсадимиз – иш методини мустаҳкамлаш, ҳар бир ишни вақтида бажаришдан иборат экан, мурожаатлар ечимида ҳам доим эътиборли бўлиб, фаолиятимизни ўз вақтида бажариб, халққа яқин бўлишимиз керак деб ўйлайман. Барчамиз келиб тушаётган муаммоларнинг аниқ ечимини топишга ҳаракат қиламиз. Шунинг учун бугунги кунга қадар бу билан боғлиқ эътирозлар келиб тушганича йўқ.

Истеъмолчилар билан мулоқатни янада яхшилаш мақсадида:

Газ таъминоти хизматлари сифатини ошириш бўйича таклиф ва шикоятларни ўрганиш, филиал ҳамда мижоз ўртасидаги алоқаларни яхшилаш мақсадида “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиалининг (76) 221-06-14 “Ишонч” телефони, авария-диспетчерлик хизматининг “104” ва “Call-markaz ”нинг (76) 221-05-97, (76) 221-25-10 рақамларига қўнғироқ қилиш имконияти яратилган.

Ўзаро ишончга асосланган мулоқот, албатта, истеъмолчи ва етказиб берувчиларнинг самарали ва тенг ҳуқуқли алоқаларини таъминлашга, натижада юклатилган вазифаларни бажариб, халқимиз олдида юз ёруғ бўлишига хизмат қилади.

Отабек Ибрагимов, «Ҳудудгаз Сурхондарё» газ таъминоти филиали назорат ва мурожаатлар билан ишлаш бўлими бошлиғи

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan