ЎЗБЕКИСТОН

Ижтимоий шериклик янада мустаҳкамланди

Ҳаммамизга маълумки мамлакатимизда ННТларни молиявий барқарорлигини таъминлаш ва ҳомийлик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида бир қатор самарали ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Бунга эса давлат ижтимоий буюртмалари яққол мисол бўла олади. Давлат ижтимоий буюртмаси бу – давлат органи ва нодавлат нотижорат ташкилоти ёки фуқаролик жамиятининг бошқа институти ўртасида шартнома тузиш йўли билан социал ҳамда ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун ишлар бажариш ёки тадбирлар ўтказишга доир давлат топшириғидан иборат бўлади.

Давлат ижтимоий буюртмаларини бериш Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондлари орқали, шунингдек давлат бошқаруви органлари томонидан амалга оширилади.

Айни шу масаладаги давлат ҳамда нодавлат ташкилотларининг билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаш юзасидан Сурхондарё вилоят Адлия бошқармаси,  ЎзННТМА Сурхондарё вилоят ҳудудий бўлинмаси ва халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди ҳамкорлигида “Ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат бошқаруви органлари томонидан давлат ижтимоий буюртмаси бериш тартиби” мавзусида семинар ташкил этилди.

Унда давлат органлари раҳбарлари, улар ҳузурида тузилган “Жамоатчилик кенгаши” раислари, ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – Вилоятда ННТ лар билан ишлайдиган давлат ташкилотлари вакиллари улар ўртасида ўзаро мустаҳкам  алоқаларни йўлга қўйиш, шунингдек, давлат ташкилотлари вакилларига ижтимоий буюртмалар ёзиш шартлари ва тартиблари бўйича тушунчалар беришдан иборат.

Семинарда “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 февралдаги “Социал ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат бошқаруви органлари томонидан давлат ижтимоий буюртмаси бериш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳуқида”ги 135-сон қарори билан тасдиқланган Низом талаблари юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.

Тадбир давомида Адлия органи раҳбар ва мутахассислари, ЎзННТМА вилоят бўлими ҳамда Жамоат фонди масъуллари маърузалари тингланди. Сўз олганлар иштирокчиларга ижтимоий буюртмасини бериш тартиб – тамойиллари ва мақсад вазифалари юзасидан батафсил тушунчалар бериб, ижтимоий шерикликни янада жонлантириш, бу борада мавжуд камчиликлар, уларни бартараф қилиш чоралари, давлат органлари ҳамда ННТлар вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни таъминлаш, жамоатчилик назоратини ташкиллаштиришда фуқаролик жамияти институтлари вакилларини кенг жалб қилиш масалалари ҳақида тўхталиб ўтди. Шунингдек, тадбирда ННТлар билан ишлайдиган маҳаллий давлат ташкилотларининг масъуллари билан таништирилиб, ўзаро ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилди.

Нафиса ТУРДИҚУЛОВА, ЎзННТМА Сурхондарё вилоят Ҳудудий бўлинмаси бош мутахасиси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan