ЖАМИЯТ

Тўра Боболов Термиз давлат университети талабалари билан учрашди

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг “Ҳоким ва ёшлар” лойиҳаси доирасида воҳа ёшлари билан учрашувлари давом этмоқда. Кеча бир гуруҳ ёшлар билан учрашиб, уларнинг таклиф ва ташаббуслари билан танишган вилоят ҳокими бугун, 8 январь куни Термиз давлат университети талабалари даврасида бўлди.

Мулоқотда Т.Боболов талабаларга Президентимиз раҳнамолигида вилоятда олиб борилаётган кенг кўламли ўзгаришлар, янгиланишлар, келгусидаги истиқболли режалар ҳақида батафсил маьлумот берди. Айни вақтда барча соҳаларда малакали кадрларга эҳтиёж юқорилигини, белгиланган лойиҳаларни амалга оширишда етук кадрларнинг роли катта эканлигини таькидлади.

– Вилоятда ёшларнинг интилишларига ҳеч ким бефарқ эмас, – деди вилоят ҳокими Т.Боболов. – Хоҳ ўғил, хоҳ қиз бўлсин, қайси соҳага қизиқишу интилиши борлигидан қатъий назар, янгилик яратаман, билим ва қобилиятда ҳеч кимдан кам эмаслигимни кўрсатаман, деганга ҳамиша йўл очиқ. Вилоятимиздаги олий ўқув юртлари сонининг бугунги кунда 7 тага етиши, 2020/2021 ўқув йилидан яна бир олий таълим муассасаси – Денов университетининг очилиши  Сурхондарёда ижтимоий-иқтисодий соҳалар учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга, ёшларнинг қизиқишларини қўллаб-қувватлашга бўлган эътибор самарасидир.

Очиқ ва самимий руҳда ўтган учрашувда ёшларга тааллуқли барча долзарб масалалар кенг ва тўлақонли қамраб олинди. Талаба-ёшлар ўзларини қизиқтирган масалалар, янги ғоя ва ташаббуслари, ташвишга солаётган муаммолари юзасидан вилоят ҳокимига тўғридан-тўғри мурожаат қилиб, саволларига жавоб олишди.

– Вилоят ҳокими менинг сурхондарёлик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларидан ёзиб олинган хотиралардан иборат “Жангчининг кундалиги” китобини яратиш ҳақидаги таклифимни қўллаб-қувватлади, – деди Тарих факультети 1-босқич магистранти Фазлиддин Абдурайимов. – Ота-боболаримизнинг уруш йилларидаги жанговар тажрибаси, юксак даражадаги мардлиги ва жасорати, профессионал маҳорати, сабр-матонати ва ўз Ватанига чексиз содиқлиги шубҳасиз, бизни ахлоқан ва маънан бойитади, янада фаол ва мақсадга интилувчан бўлишга чорлайди.

Очиқ мулоқот сўнгида Т.Боболов вилоятнинг барча даражадаги раҳбарлари ёшларнинг ғоя ва ташаббусларини, янги лойиҳаларини ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаб, муаммоларини ҳал этишга, уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, порлоқ истиқболи учун зарур шароитларни яратиб беришга тайёр эканликларини таъкидлади. Ёшларни аъло баҳоларга ўқиш ва изланишга, ўз салоҳиятини юртимиз равнақи ва халқимиз фаровонлиги йўлида сарфлашга ундади.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати