ЖАМИЯТ ИЛМ-ФАН

«Кўпчилик ўқитувчилар ҳали ҳам йўқлама қилиш-у, биографиясини таништириш билан дарснинг қарийб 20 дақиқасини ўғирлашяпти»

«Битирувчининг қўлида давлат муҳри қўйилган диплом бор. Аммо у рақобатбардош кадр эмас».

Халқнинг умумий дунёқараши, тафаккурини ривожлантириш, онгидаги эскича қарашларни батамом йўқотиш масаласи кўтарилаётган экан, бугун таълим масаласи ҳар доимгидан-да долзарб аҳамият касб этади.

Шу маънода, бугунги олий таълим тизимига ҳақиқат кўзи билан қарайлик. Афсуски, олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ва уларни тамомлаётган ёшларнинг саводхонлик даражасига ҳавас қилиб бўлмайди.

Кўчада истаган талабага бир саҳифа аризанамо нарса ёздириб кўринг, унинг қўлидан имло ва гап тузишда қатор хатолар билан ёзилган ниманидир қабул қиласиз. Бу ерда савод сўзини фақат имло масаласидагина қўлламаяпмиз. Хўш, таълимдаги бу қолоқликдан қутулиш йўллари нималардан иборат?

Ҳозирда Термиз давлат университети ректори вазифасида ҳам ишлаётган Абдуқодир Тошқуловдан бу борада фикрларини сўрадик.

— Мустақилликнинг ўтган даврида кўпгина соҳалар қатори Олий таълим тизими ҳам кўпгина муаммоларни бошдан ўтказди. Бу ерда нафақат олий таълим, балки давлат ва жамият ишига тааллуқли қамровнинг кам бўлганлиги ҳақида гапирмоқчиман.

Бунда тест технологиялари такомиллашмагани, соҳага йиллар давомида бир томонлама ёндашув бўлиб келгани муаммоларнинг сабабларидан бири. Яъни, учта фан ва ўша фанлардан тузилган тестларнинг жавобини ёдлаган бола борки, ўқишга кирган. Бу бўйича айтилган эътирозлар, мурожаатлар эшитилмаган.

Ҳозир тест тизимида катта ўзгаришлар бўляпти, жумладан, имтиҳонлар бир кунда эмас, ўн беш кунда ўтказиляпти, иккинчидан, тест блокларидаги фанлар сони кўпайтирилди, ижодий йўналишлар билан ўтадиган таълим йўналишлари сони оширилмоқда. Буларнинг барчаси сиз айтган муаммоларга ечим сифатида қилиняпти.

Биз бир хил тест тизимини кўп йиллар ушладик ва шу тизим билан ёшларни олий таълимга қабул қилавердик. Биз унга иншо ёздириб кўрмадик, диктант ёздирмадик, ижодий йўналиш билан ўқишга кириши керак бўлган талабалар ҳам «тинчгина» тест йўналиши билан имтиҳон қилинаверди.

Албатта, мен тестга қарши эмасман, бу тизим таълимга қабулда коррупцияни жиловлашнинг асосий механизмларидан бири, лекин тестнинг ўзи билан чекланиб қолиш керак эмас.

Тест бу қабулдаги бир босқич бўлиши керак. Имтиҳонлар ижодий жараёнлар билан бойитилиши керак. Биз шу орқалигина билимли ёшларни саралаб олишимиз мумкин. Ўтган даврда айнан шу тизим, селекция яхши бўлмаган.

Мана шу йўл билан ўқишга кириб олган бола коррупция, турли босимлар ва бошқа йўллар билан ўқишни битириб олган.

Битирувчининг қўлида давлат муҳри қўйилган диплом бор. Аммо у рақобатбардош кадр эмас.

Ҳозиргача олий таълимда ечилмай келаётган яна бир масала бор. Биз яхши ишлаётган кадрларни рағбатлантиряпмиз, лекин биз шунча ислоҳотлардан кейин ҳам қимирламаётган кадрларни ишдан бўшата олмаяпмиз.

Масалан, биз ички ўрганиш қилиб кўрдик. Айрим ўқитувчилар 20 йилдан буён на мақола, на китоб ва на қўлланма ёзган.

Талабалар орасида кўплаб сўровлар ўтказдик (афсуски, ҳозир бу сўровларнинг ҳам юридик кучи йўқ) ва мана шу сўровларда ўқитувчиларнинг пора олиши ҳам айтилган, дарсларнинг қарийб 100 фоизи дарсларни яхши ўтмаслиги эътироф этилган. Биз ўша ўқитувчилар билан меҳнат шартномасини бекор қилдик, лекин судда ютқаздик, чунки амалдаги қонунчилигимиз бу тизимга тайёр эмас.

Чет эл олий таълим муассасаларини кўринг. Уларда профессор ўқитувчи билан тузиладиган меҳнат шартномаси камида 20 варақ бўлади. Бу таълим муассасаларида 50 фоиз талаба ўша ўқитувчининг дарсидан қониқмаса. У билан тузилган меҳнат шартномаси бир томонлама бекор қилинади.

Рақобатбардош кадрлар чиқмаётганининг яна бир сабаби шунда. Ҳозир камида 30 фоиз ўқитувчининг олий таълим даргоҳида дарс беришга, бу даргоҳларга киришга ҳаққи йўқ.

Биз эндиликда яхши ўқитувчини рағбатлантириб, талабга жавоб беролмаётгани билан хайрлашиш масаласини кўтаряпмиз. Талабга жавоб бермайдиган ўқитувчи ўзига мос, қуйироқ жойларда ишлаб тажриба ошириши керак.

«Таълим тизимидаги ўқув режалар тўлалигича қайта кўриб чиқилиши керак».

Бугун олий таълим тизимида талабага мутлақо кераксиз, мажбурият сифатида ўтилаётган фанлар ўнлаб топилади. Бунда давлат бюджетига ҳам катта зарар етади, вақт йўқотилади. Хўш, таълим тизимида қачон талабалар фанларни эркин танлай олади?

Ректор саволга қуйидагича фикр билдирди:

— Ҳозир Ўзбекистондаги хорижий университетлар филиаллари, шунингдек, Тошкент давлат иқтисодиёт университети беш кунлик ўқиш тизимига ўтмоқда. Жумладан, биз ҳам янги семестрдан беш кунлик ўқиш тизимига ўтяпмиз. Бу тизимда сиз айтган муаммога ечим бор. Яъни, биз 36 соатлик ўқиш соатини 32 соатга туширяпмиз. Лекин ҳамон талабага кераксиз фанлар сақланиб қолаяпти.

Менимча, таълим тизимидаги ўқув режалар тўлалигича қайта кўриб чиқилиши керак.

Ҳозир тўртта курс талабалари турлича ўқув режа билан ўқишади. Мана шу ўқув режаларни бир хиллаштириш керак, иккинчидан, кераксиз фанлар чиқариб ташланиши керак.

Бунда биз нафақат талабага, балки иш берувчига ҳам ҳуқуқ беришимиз керак-ку. Ўзи истаган фанни таълимга киритишига. У ўзига керакли кадрга иш жараёнида керак бўладиган фанларни ўзи таклиф қилиши керак.

Яна бир мисол, жисмоний маданият фанидан талабанинг рейтинг дафтарчасига баҳоси қўйилади. Шу фан бизга керакми? Талаба ўзи мустақил фитнес клубга борсин, спортга қатнашсин, шароит бор-ку. Буни алоҳида фан қилиш шартми? Дейлик, талабада икки жуфтлик фан бор, орада у кийимини алмаштириб, жисмоний        маданият фанига ҳам кириши керак. Шу масала ҳамон муаммолигича қолмоқда.

Фан ўқитувчилари ишлайверсин, тўгарак ўтсин, бунга қарши эмасман, лекин у ҳам бир фан бўлиши керак эмас.

Бизда яна бир масалада қўрқув бор. Яъни, дарс жадвалига дарслар шундай жойлаштириладики, бунда бир жуфтликдан кейин орада бўш вақт қолдирилади ва кейин яна бир жуфтлик фан қўйилади. Бунинг сабаби, дарсларни шундай жойлаштирсак, талаба кейинги дарсгача қочиб кетолмайди, деб ўйлашади.

Ривожланган давлатларда талаба эрталаб дарсга келдими кечки вақтгача университет биносини тарк этмайди. У ерда дарслар орасида тўгараклар жойлаштирилади, талабалар шахмат ўйнайди, сузишга қатнашади, компьютерда ўтиради ёки курсдошлари билан суҳбатлашиб ўтириб дам олади.

Талаба танлови деганда куннинг қайси қисмида ўқиб, қайси қисмида ишлашни эркин танлаш ҳуқуқини ҳам тушуниш керак.

Биз талабага кечаги қараш, тазйиқ билан қарашни тўхтатишимиз керак.

Яна бир муаммоли масала, университетда эркин форма масаласи. Бу муаммо қайта-қайта кўтариляпти. Бунга ҳам эркинлик бериш керак. Фақат бунда шахснинг талаба эканлиги ва миллийликни инобатга олиш керак.

Биз мазмундан узоқлашиб кетяпмиз. Бу борада ота-оналарда ҳам масъулият катта.

«Бугун раҳбарлар халққа, ректорлар талабага яқинлашиши керак».

«Кўпчилик ўқитувчилар ҳали ҳам йўқлама қилиш-у, биографиясини таништириш билан дарснинг қарийб 20 дақиқасини ўғирлашяпти».

Афсуски, бугун талабалар кўп ҳолатда дарс ўтаётган ўқитувчини хоҳлаб эмас, мажбурликдан эшитади. Хўш, бугуннинг замонавий ўқитувчиси, талабалар истаган лектор қандай бўлиши керак?

Абдуқодир Тошқулов бу борада ҳам ўз фикрларини билдирди.

— Кейинги йилларда профессор, ўқитувчиларнинг ривожланган давлатларга хизмат сафарлари, тажриба оширишлари кўпайди. Бу ижобий ҳолат. Чунки, ривожланган давлатларнинг таълимдаги тажрибасини бирор манбадан ўқиш, эшитиш билан уни ўз кўзингиз билан кўриш ўртасида катта фарқ бор.

Бу давлатларда кўпроқ тренер деган институт ишлайди. Яъни, талабалар маҳорат билан дарс берадиган кишини тренер дейишади.

Биз ҳозиргача аудиторияларимизни ўзгартиролмаяпмиз. Бизда ҳамон тўлалигича парта тизими амалда. Энди-энди биз эскича қолиплардан чиқишга ҳаракат қиляпмиз.

Аммо ҳали ҳам ўқитувчи талабани ташқарига чиқариб дарс ўтса, ёки дейлик, банк иши фанини талабаларни банкка олиб бориб ўтса, бу ҳолат талотўп бўлиб кетади.

Биз ўқитувчига ҳам, талабага ҳам ишонч билдиришимиз керак.

Бугун раҳбарларга халлқа яқинлашиш талаби қўйилаётган бўлса, ректорлар ҳам шунчалик талабага яқинлашиши керак.

Биласизми, айрим талабалар биздан ўқитувчига проектор бермасликни сўрашади. Чунки, айрим ўқитувчилар замонавий дарс ўтиш деганда маъруза матнини шунчаки проекторга ўрнатиб, уни ўқиб беришни тушунади. Бизда шу жиҳатлар ҳам камчиликка тўла.

Бу технологиялар ўқитувчига шунчаки ёрдам, дарс ўтиш учун қўшимча восита бўлиши керак. Буни англамаётган ўқитувчи демакки, янги педтехнологияни ҳали тушунмаган.

Талабаларда шунингдек, дарс сифатидан норозилик кучли. Ҳозир ҳам, кўпчилик ўқитувчилар йўқлама қилиш-у, ўзининг биографиясини таништириб бериш билан дарснинг қарийб 20 дақиқасини ўғирлашяпти.

Ўзим ҳам кўп дарсларни кузатаман ва дарс охиригача зерикиб кетаман. Ректор кирган дарс шунчалик зерикарлими- энди қолган дарсларни тасаввур қилаверинг.

«Ҳозир университетларда ўқитувчилар сони ошяпти, аммо илмий салоҳият тушиб боряпти»

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда олий таълим тизимидаги квоталар сонини ошириш ҳақида кўп гапирилмоқда. Бунда талабаларга дарс берадиган салоҳиятли ўқитувчилар ва илмий ходимлар масаласи ҳам ўртага чиқади.

Афсуски, бугун олий таълимдан кейинги таълимда кадрлар масаласи сон жиҳатидан ҳам, сифат жиҳатдан ҳам қониқарли эмас.

Уларни етказиб берадиган муассасалар ҳам асосан Тошкентда жойлашган, бошқа ҳудудларга эса кўпда чиқарилавермайди.

Ректорнинг бу борадаги фикрлари ва муаммога таклиф қиладиган ечимлари нималардан иборат?

— Бу масала ҳам юракда дард бўлиб турган масалалардан бири.

Давлат раҳбари тизимда қамровни ошириш ва шу орқали ёшларни таълимга кўпроқ жалб қилиш вазифасини қўймоқда.  Лекин олий таълимда қамров ошган сари ҳар ўнта талабага битта ўқитувчини ишга олишимиз керак бўлади.

Лекин университетлар ўқитувчиларининг қанчасида илмий даража бор деган масала ҳам бор. Ҳозир квоталар йилига 20-25 фоиз ошяпти, табийки, ўқитувчилар сони ошяпти, аммо илмий салоҳият тушиб боряпти.

Бу ҳолат ўқитувчилар илмий даража ҳимоя қилганда ҳам давом этяпти.

Термиз давлат университети мисолида гапираман. 2008 йилдан 2017 йилга қадар бирорта илмий даража ҳимоя қилинмаган. Олий таълим даргоҳида тўққиз йил бирорта диссертация ҳимояси бўлмаган. Бу – мусибат. Бу ўша даргоҳда илмий муҳит ўлди, дегани.

2017 йилдан бошлаб бу йўналишда икки босқичли тизим жорий қилинди. Шу сабабли, 2018 йилда 5та, 2019 йил якуни билан 22та ҳимоя бўлди. Бу рақамни 2020 йилда 45тага етказишни режа қиляпмиз. Лекин бу ҳимоялар осон бўлаётгани йўқ, чунки, ихтисослашган кенгашларнинг аксарияти Тошкент шаҳрида жойлашган.

Тўғри, Тошкент пойтахт, лекин нега ҳудудлардаги бош университетларда ихтисослашган кенгашлар ишламаслиги керак?

Ахир, бу ерда мактаб, фан докторлари бор-ку.

Бу кенгашлар жойларда бўлишининг нимаси яхши? Аввало бу ҳимояларга талабалар, магистр ва докторантлар кириб ўтиради. Илмий муҳит пайдо бўлади.

Тадқиқотчиларнинг Тошкентга келиб не азобларда юриши уларнинг фақат ўзига ва Худога аён.

Яқинда Олий аттестация комиссияси йиғилишида бу масала кўтарилди ва масала эндиликда ечилиши айтилди.

Ҳозир ҳар бир фан бўйича фалсафа доктори илмий унвони (PHD) бериляпти. Бу тизимда ҳам қийинчиликлар кўпайтириб юборилган.

Тўғри, олимнинг ёстиғи тошдан дейишади. Олим машаққат чекиши керак, бошқа давлатларда PHD даражаси илмга кириш учун бир лицензия ҳисобланади. Бунинг учун бунча қийинчилик нега керак?

Хўш, илмий ходимлар учун даражаси жуда юқори ҳисобланган илмий журналларда мақолалар чиқариш, ёки ёши катта ходимлар учун тил билиш талаби нега қўйилмоқда?

Биз бугун олий таълимни ривожлантириш учун ундан кейинги таълимни ҳам жиддий кўриб чиқишимиз керак.

Суҳбатни тўлиқ шаклда ушбу манзилдаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди

Манба: Kun.uz