ЖАМИЯТ

Ўзбекистонда 2022 йилнинг биринчи ярмида экология ва атроф-муҳит муҳофазаси учун қанча маблағ ажратилгани маълум қилинди

Ўзбекистонда 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида экология ва атроф-муҳит муҳофазаси тадбирлари учун давлат бюджетидан жами 1 942,2 миллиард сўм йўналтирилган. Бу ҳақда 5 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида айтиб ўтилди.

Йиғилишда фракция аъзолари давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2022 йил биринчи ярим йиллигидаги ижросини атрофлича кўриб чиққан.

Қайд этилишича, ҳисобот даврида давлат бюджетидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик муаммоларни бартараф этиш, аҳоли пунктларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва оқова сув тизимини яхшилаш учун салмоқли ишлар қилинган. Хусусан, 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида экология ва атроф-муҳит муҳофазаси тадбирлари учун давлат бюджетидан жами 1 942,2 миллиард сўм йўналтирилган.

Мазкур маблағлари атмосфера ҳавоси муҳофазасига, сув ва ер ресурсларини муҳофаза қилишга, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси муҳофазасига, Оролбўйи минтақасида амалга оширилаётган экологик тадбирларга, ерларни сув ва шамол эрозиясидан сақлашга ва ерлар рекултивациясига сарфланган.

Шунингдек, кўриб чиқилган даврда республика аҳоли пунктларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва оқава сув тизимларини яхшилаш дастурларни амалга ошириш бўйича 173 та объектларга 1 131,6 миллиард сўм маблағлар молиялаштириб берилган.

«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларига асосан амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида 4 550 та объектлар учун 3 000,0 миллиард сўм, жумладан, 4 179 та ички йўлларга 2 000,0 миллиард сўм, 371 та ичимлик суви тармоқлари ва иншоотларини қуриш-таъмирлаш ишлари учун 1 000,0 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Биринчи ярим йиллик якунига кўра 3 557 та объектларга қурилиш таъмирлаш ишларининг ҳажмидан келиб чиқиб 1 112,7 миллиард сўм маблағ молиялаштирилган.

Йиғилишда амалга оширилган ишлар ижобий баҳоланиб, давлат бюджети маблағлари масъул вазирлик ва идоралар томонидан ҳар доим ҳам самарали ва ўз вақтида бажарилмаслиги, ажратилган маблағлар ўзлаштирилмай қолаётгани депутатларнинг эътирозларига сабаб бўлган.

Шундан келиб чиқиб, бюджет интизомига риоя қилиш, давлат бюджети маблағларини мақсадли сарфлаш устидан назоратни мунтазам олиб бориш лозимлиги таъкидланган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan