ЖАМИЯТ

8 сентябрь- Халқаро журналистлар бирдамлиги куни!

Баъзан ижтимоий тармоқларда журналистларга нисбатан турли таъқиблар, тазйиқлар ҳақида ўқиб қоламиз. Афсуски, бу янги ёки фақат бизнинг замонгагина хос ҳодиса эмас. Журналистика соҳа сифатида шакллана бошлаган даврлардан буён, турли кучлар: коррупционерлар, анархист ва монархистларнинг, … зўравонликларига дуч келяпти. Аммо, нима бўлган тақдирда ҳам жамиятлар журналист “хизмати”дан воз кечган эмас. Аксинча, тараққиётни мақсадга қилганлар ҳамиша биз томонда бўлиб келишмоқда.

Бугунги сана 8 сентябрнинг Халқаро журналистлар бирдамлиги куни сифатида нишонланиб келинаётгани ҳам мана шундан далолатдир. Ушбу сана 1958 йили Халқаро журналистлар ташкилоти конгресси қарорига кўра белгиланган. Айнан 8 сентябрь сифатида белгиланишига сабаб шуки, 1943 йил шу кунда фашистлар Берлинда чехословакиялик журналист ва адабий танқидчи Юлиус Фучикни қатл қилишган эди. Фучик қамоқхонада бўлган вақтида, «Дор остидан репортаж» китобини ёзган. Айни китоби туфайли унга 1950 йили вафотидан сўнг, Халқаро тинчлик соврини топширилди. Ушбу китоб дунёнинг 70 тилига таржима қилинган.

Демак, бугун урушлар, зулмлар, адолатсизликларга қарши курашиб жон берган, қурбон бўлган журналистларни хотирлаймиз! Улар фидо бўлган улуғ ва эзгу мақсадлар атрофида бирлашамиз!

Азиз ҳамкасблар, байрамингиз муборак бўлсин! Ҳаммамизга доимо Ҳақ сўзни айтиш насиб этсин! Бирдамлик куни муборак, қадрдон журналистлар!

 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan