ЖАМИЯТ

Деновлик қарздорнинг Тошкент шаҳридаги 33 хонали офиси сотувга қўйилди

Банк ва мижозлар ўртасидаги тузилган кредит шартномалари бир қатор ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларни белгилайди. Олинган кредит маблағларини мақсадли ва аниқ режа асосида сарфлаб, кўзланган мақсадга эришиш мумкин.

Афсуски, айрим қўштирноқ ичидаги уддабурон тадбиркорлар гаров эвазига катта миқдордаги кредитни расмийлаштиргандан сўнг, бошқа мақсадларга сарфлаб, ўз мажбуриятларини унутиб қўйишади.

Шу каби, Денов туманида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган “Denov Termiz group” масъулияти чекланган жамияти раҳбари тижорат банкидан олинган кредит маблағларини ихтиёрий тўлаб беришдан бош тортиб келганлиги сабабли суднинг ижро ҳужжатига асосан жами 11 миллиард 755 миллион сўм миқдоридаги кредит қарздорлигини ундириш белгиланди.

Мажбурий ижро бюроси Денов туман бўлими томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари жараёнида қарздор жамиятнинг барча ҳисоб рақамларига банд солиниб, инкассо топшириқномалари юборилди.

Олинган кредит эвазига тақдим этилган гаров таъминоти яъни Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Янгитарнов маҳалласида жойлашган ҳашаматли 33 хонали офис биноси хатловга олиниб,   7 миллиард 900 миллион сўм бошланғич нарх билан аукцион савдосига чиқарилди.

Ижро ҳужжати бўйича белгиланган кредит қарздорлиги ўз вақтида қайтарилмаса Тошкент шаҳридаги ҳашаматли офис биноси янги эгасини топиши мумкин.

Бу каби тадбирлар вилоят бўйлаб давом эттирилмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan