ЖАМИЯТ ЎЗБЕКИСТОН

Хусусий бандлик агентликлари… керак!

Ҳар бир фуқаронинг иш билан банд бўлиши кун тартибидаги долзарб масала, албатта. Лекин бандлик тушунчасига чуқурроқ қарашни ўрганишимиз керак. Жамиятда шундай илғор тоифа кишилар бўладики, улар тўғри келган ёки ойлиги ҳаминқадар ишларни бажариб кетаверишни ўзига эп кўра олмайди. Улар ишни мақсадга етиш, ўзини англашнинг муҳим омилларидан бири, деб ҳисоблайди. Одатда шундай одамлардан кейинчалик катта шахслар, яратувчилар чиқади. Жамиятимиз бу каби инсонларга имкониятлар очиш ҳаракатида бўлиши лозим. Хусусий бандлик агентликларининг фаолияти шунинг учун ҳам жуда зарур.

2018 йил 16 октябрда “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган. Ушбу қонуний асос натижасида 2019 йил ва 2020 йилнинг ўтган даврида 103 та юридик шахс хусусий бандлик агентлиги сифатида реестрдан ўтган. 74 та хусусий бандлик агентлиги фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш ҳуқуқини берувчи лицензия олган, улардан 31 тасини лицензияси фаолиятини тўғри бошқара олмаганлиги сабабли ўз ташаббусига кўра (20) ва  қонунбузарликларга йўл қўйганликлари учун (11) бекор қилинган. Бугунги кунда 43 та Хусусий бандлик агентлиги лицензияга эга.

Қонун қабул қилингандан бошлаб бугунги кунга қадар хусусий бандликлари агентликлари томонидан 3 198 нафар фуқаролар хорижий давлатларга ишга юборилган. Асосан, Россия (1604), Туркия (557), Литва (469), Латвия (129), Польша (127), БАА (89) каби 22 та чет эл давлатларига республикамизнинг барча ҳудудларидан меҳнат қилиш учун жўнатилган.

Мисол учун, “Vodiy HR hususiy bandlik agentligi” МЧЖ томонидан
629 нафар, “Karmada recruiting and consulting xususiy bandlik agentligi” МЧЖ томонидан 439 нафар, “Full employment xususiy bandlik agentligi” МЧЖ томонидан 185 нафар фуқаролар юборилган.

Хусусий бандлик агентликлари томонидан 22 та хорижий давлатлардаги 139 та иш берувчи компаниялар билан ҳамкорлик шартномалари тузилган бўлиб, фуқаролар балиқчилик, чорвачилик, юк ташувчи (грузчик), иссиқхона, қадоқловчилик, меҳмонҳона хизмати, ресторан хизмати, қурувчилик ва тикувчилик соҳаларида ишга жойлаштирилган.

Хўш, Хусусий бандлик агентликлари томонидан юқоридаги каби ижобий ишлар амалга оширилган бўлса, нега қабул қилинганига ҳали икки йил ҳам бўлмаган қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда?

Узоқ йиллар ёпиқ бўлган соҳа бирданига эркинлашса, алдов, ёлғон билан боғлиқ салбий ҳолатлардан қочиш деярли имконсиз бўлади. Айниқса, бу кўпчиликни қизиқтирадиган, талаб юқори, таклиф кам бўлган соҳа бўлса. Кейинги пайтларда фуқароларни ишга жўнатамиз, деб алдов билан пул ундирган хусусий агентликлар профессионал бўлмаган, шунчаки кўпроқ пул топишга қизиқадиган кимсалар томонидан ташкил этилган, дейишга асослар етарли. Уларнинг касрига ҳақиқий ва ҳалол ишлайдиган агентликлар ёмонотлиқ бўлиши камида тўғри эмас. Шунинг учун қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритишда чуқурроқ ўйлаб ёндошилди.

Бунга қуйидаги бир неча омиллар сабаб сифатида кўрсатилмоқда:

биринчидан, амалдаги қонунга асосан, кўрсатилган хизматлар учун тўловлар хорижда иш қидираётган шахслардан ундирилиши натижасида хусусий бандлик агентликлари (ХБА) томонидан фуқароларнинг ишончини суиистеъмол қилиш ҳамда уларга моддий зарар етказиш ҳолатлари кўпаймоқда;

иккинчидан, ишга жойлаштириш бўйича фуқаролар олдиндан барча маълумотларга эга бўлмаслиги ва шу хизматлар амалга оширилмаган тақдирда тарафларнинг қандай жавобгарлиги борлиги акс эттирилмаганлиги;

учинчидан, хусусий бандлик агентликлари томонидан хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасига захира қилинадиган сумма миқдори (50 минг АҚШ доллари) кам бўлиб улар томонидан фуқароларга етказилган моддий зарарни қоплаш имконини бермаслиги;

тўртинчидан, хусусий бандлик агентликлари томонидан фуқароларга ишга жойлаштириш соҳасида кўрсатилган ахборот ва маслаҳат хизматлари учун тўланадиган ҳақ миқдорининг аниқ чегараси белгиланмаганлиги;

бешинчидан, хусусий бандлик агентликлари томонидан хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномаларни рўйхатга олиш ва бажарилишини назорат қилиш ҳамда мониторинг қилишнинг шаффоф механизми мавжуд эмаслиги;

олтинчидан, лицензияловчи органда хусусий бандлик агентликлари фаолиятини текшириш ваколатининг мавжуд эмаслиги улар томонидан фуқароларни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан жуда кўп миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келмоқда. Хусусан, ўтган давр мобайнида 11 та хусусий бандлик агентликларининг раҳбар ва ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлиб улар томонидан 7123 нафар фуқарога 72,3 млдр. 888 млн. сўм миқдорида моддий зарар етказилган.

Биргина, “Human” хусусий бандлик агентлиги раҳбари томонидан 1086 нафар фуқародан 21,2 млрд. сўм миқдоридаги ёки “Korean аnd Migrations” хусусий бандлик агентлиги раҳбари томонидан 2317 нафар фуқародан 22,2 млрд. сўм миқдоридагипул маблағлари фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб олинган.

Бу борада хориж тажрибаси қандай?

Амалдаги қонунга киритилаётган қўшимчалар юзасидан хорижий мамлакатлар қонунчилиги таҳлилига ҳам таянилмоқда. Жумладан, аксарият ривожланган мамлакатларда Хусусий бандлик агентликлари томонидан хорижда ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатилганлиги учун тўлов иш берувчи томонидaн копланиши белгиланган. Масалан, Канаданинг «Бандлик стандартлари тўғрисида»ги, Автралиянинг «Ишга жойлаштириш бўйича агентликлар тўғрисида»ги, Чехия Республикасининг «Бандлик тўғрисида»ги қонунларига ҳамда Халқаро меҳнат ташкилотининг 1997 йилдаги «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги Конвенциясига мувофиқ хорижда ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатилганлиги учун тўлов иш берувчи томонидан қопланиши назарда тутилган. Шунингдек, хусусий бандлик агентликлари томонидан хорижда ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш учун захира қилиб қўйиладиган маблағлар АҚШ, Канада, Малайзия, Сингапур ва Қозоғистон каби давлатларда фуқароларнинг мулкий ҳуқуқлари ҳимоясини кафолатлаш мақсадида юқори миқдорда белгиланган.

Қонунга қандай ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади, бундан халқимизга қандай наф бўлади?

Биринчидан, бугунги кунда хусусий бандлик агентликлари томонидан фуқароларни ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатилиши учун тўловлар юбориладиган давлатидан келиб чиқиб, иш қидираётган шахслар томонидан 11,5 млн. сўмдан 35 млн.сўмгача миқдорда олдиндан амалга оширилмоқда. Натижада, аксарият ҳолларда хусусий бандлик агентликлари томонидан фуқароларни алдаш ва ишончини суиистеъмол қилган ҳолда уларга жуда кўп миқдорда моддий зарар етказилмоқда. Шундан келиб чиқиб, хориждан иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш учун тўловларни чет элдаги корхона ҳисобидан амалга ошириш механизмини жорий этиш орқали фуқаролардан пул олиш амалиёти бекор қилинади;

иккинчидан, хусусий бандлик агентликлари томонидан иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатишдан олдин уларга кўрсатиладиган хизматлар тўғрисида ёзма шаклда билдиришнома берилади. Унда фуқародан кўрсатилаётган хизматлар учун олдиндан пул олиш мумкин эмаслиги, агентлик ўз мажбуриятини бажармаса кимга, қандай шикоят қилиши тўғрисидаги аниқ маълумотлар кўрсатилади. Бу эса фуқароларга етказилиши мумкин бўлган моддий зарарни олдини олишга қаратилган профилактик тадбир сифатида қаралмоқда;

учинчидан, фуқароларга Хусусий бандлик агентликлари томонидан етказилган зарарни ўртача ҳисобини олган ҳолда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш Жамғармасига захира қилиб қўйиладиган пул маблағлари миқдори амалдагидан тўрт баравар кўп, яъни базавий ҳисоблаш миқдорининг саккиз минг беш юз баравари (айни пайтда 1 млрд. 895 млн. 500 минг сўм) қилиб белгиланмоқда. Бу агарда Хусусий бандлик агентлиги фуқароларни алдаш ёки ишончини суиистеъмол қилиш ва бошқа тарзда моддий зарар етказилиш ҳолатлари содир этилган тақдирда етказилган зарарни ушбу маблағлар ҳисобидан қоплаш имконияти яратилади;

тўртинчидан, хусусий бандлик агентликлари томонидан фақатгина ахборот ва маслаҳат хизматлари учун тўловлар миқдори турлича бўлиб, 200 мингдан ҳаттоки 3-4 млн. сўмгача қилиб ҳар хил белгилан. Қилинган хизматга мутаносиб равишда ундириладиган тўловлар миқдорини белгилаш мақсадида қонун ҳужжатларида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдоридан ошмаслиги кўрсатилмоқда;

бешинчидан, Хусусий бандлик агентликлари томонидан кўрсатилаётган хизматларни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг «labor-migration» дастyрий мажмуасида рўйхатдан ўтказиш орқали шартномалар ҳисобини юритишнинг шаффоф механизмини жорий этиш ва назopaт қилиш орқали қонун бузилишини олдини олиш;

олтинчидан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига хусусий бандлик агентликлари фаолиятини тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли органни хабардор этиш тартибида (молия-хўжалик фаолиятига арaлашмасдан) текшириш ваколатини бериш орқали улар томонидан тyрли қонунбузилиш ҳолатлари содир этилишини олдини олиш каби ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Шу ва бошқа бир қанча киритилаётган ўзгартиришлар келгусида фуқароларнинг яна алданмаслиги қай даражада олди олинади?,- деган савол одамларда бўлиши табийи.

Амалдаги ҳолат, мутахассисларнинг тавсиялари, аҳолининг ва депутатларнинг таклифлари ҳамда хорижий тажриба асосида жорий этилаётган янги нормалар максимал даражада муаммоларни олдини олишига хизмат қилади.

Аммо, устомонларнинг “қармоғига” илинмаслик биринчи навбатда ўзингизга боғлиқ. Қонун ҳужжатларини пухта ўрганинг, маслаҳатлашинг ва сизни алдашларига йўл қўйманг. Эсда тутайлик, ҳамма хусусий бандлик агентликлари ҳам ноҳалол ишлайдиган кишилардан иборат эмас. Қўрқмасдан, профессионаллар билан ҳамкорлик қилиш керак. Буни қандай фарқлаш мумкин? Менинг фикримча, ҳали ишга жойлашмаган одамдан олдиндан каттароқ пул сўрайдиган агентлик профессионал бўлмайди.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan