Олий Мажлис Сенати Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ахборотига кўра, Aнгор, Шеробод, Шўрчи, Қумқўрғон, Бойсун туманларидаги маданият ва истироҳат боғлари талабга жавоб бермайди. Қолаверса, олис ва чекка қишлоқларда давлат-хусусий шериклик асосида енгил конструкцияли «сендвич-панел»дан кичик спорт залларини барпо этиш ишлари деярли бажарилмаган. Тижорат банклари томонидан жисмоний тарбия ва спорт фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига кредитлар 7 йил муддатга, шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан ажратиб берилиши юзасидан деярли амалий иш қилинмаган. Aчинарлиси, вилоятдаги 316 та умумтаълим мактабининг спорт зали мавжуд эмас.
“Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури доирасида 2019-йилда вилоятда 874 та лойиҳага 167 млрд. 171,9 млн. сўм ажратилиши натижасида 5854 та иш ўрни яратилиши кўзда тутилган бўлиб, амалда 106 млрд. 717 млн. сўм йўналтирилган ва оқибатда Дастур ижроси 64 фоизга бажарилган.
Шунингдек, 2019-йилда вилоятда 1 та «Коворкинг маркази» ҳамда тўртта “Ёшлар меҳнат гузари” қурилиши режалаштирилган бўлиб, “Ёшлар-келажагимиз” Давлат дастури асосида бирорта тадбиркорга имтиёзли кредит ажратилмаган.
Мажлисда мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда вилоят ҳокимлиги томонидан амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар белгиланиб, тегишли қарор қабул қилинди.