ЖАМИЯТ ҚИЗИҚАРЛИ

Cурхондарё вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази томонидан коронавирус билан боғлиқ ҳолатлар тўғрисида маълумотлар берилди

2020 йил 8 июнь куни Термиз шаҳри «Матбуот уйи»да Сурхондарё вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи Мустанов Абдусамад Норсоатович иштирокида брифинг ўтказилди.

Брифинг давомида Сурхондарё вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш, шунингдек, инфекция тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлаш ва пандемия даврида санитария-эпидемиология хизмати ходимларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида қабул қилган фармон ва қарорлар ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумотлар берилди.

Маълумотга кўра, вилоят ҳудудида шу вақтга қадар коронавирус инфекциясига чалинган деб гумон қилиниб, жами 22871 нафар фуқаролар карантинга олинган. Шулардан 21404 таси 14 кунлик кузатув муддати тугалланиб, соғлиги қониқарли деб топилган. Қолган 1467 нафар фуқаролар 14 кунлик карантин режимини давом эттирмоқда.
Улар ўртасида тана ҳарорати кўтарилиши кузатилган 15760 нафар шахсларга коронавирус инфекциясини аниқлаш учун тезкор тестлар қўйилиб, вирусология лабораториясида текширувлар ўтказилган.
1138 нафар фуқаролар яшаш хонадонларида, 52 нафар фуқаролар юқумли касалликлар шифохоналарида (карантинда), махсус муассасаларда 277 нафар, жами 1467 нафар фуқаролар тиббий кузатувга олинган.
6641 нафар шахслар эндемик давлатлардан келган. Шулардан 6492 нафари Ўзбекистон, қолган 149 нафари эса чет эл фуқароларидир.
Сурхондарё вилоятида 2020 йил 8 июнъ кунига қадар коронавирус инфекциясига чалинган деб гумон қилиниб, лаборатория текширув натижалари бўйича 44 нафар беморларда касаллик тасдикланган. 43 нафар бемор соғайиб, 1 нафари Сирдарё вилоятида яшовчи фуқаро 2020 йил 16 май куни вафот этган.

Шунингдек, вилоятимизда пандемия даврида COVID-19 га қарши кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида батафсил тўхталиб ўтилди ва фуқаролардан тушган саволларга жавоблар берилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan