
Ўзбекистон Республикаси “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуни (бундан кейинги матнларда Қонун деб юритилади)да давлат божининг миқдори аниқ ва равшан белгиланган бўлса-да, амалиётда ҳали ҳануз тарафлар томонидан давлат божи тўлашда тушунмовчиликлар мавжуд.
Хусусан, даъвогар “А” МЧЖ таъсисчиси “В”, жавобгарлар
“А” МЧЖ, “С” МЧЖ ва “D” ларга нисбатан Қумқўрғон туманлараро иқтисодий судига
даъво аризаси билан мурожаат қилиб, даъво талабида тарафлар ўртасида 2022 йил
24 май кунида тузилган “Қарзни бошқа ташкилотга ўтказиш тўғрисидаги битими”ни
ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Биринчи инстанция судининг 2024 йил 3 январдаги ҳал қилув қарори билан даъвони қаноатлантириш рад этилиб, даъвогар томонидан олдиндан тўланган 3 300 000 сўм давлат божи ўзининг зиммасида қолдирилган.
Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2024 йил 15 майдаги қарори билан даъвогарнинг кассация шикоятини қаноатлантириш рад этилиб, Қумқўрғон туманлараро иқтисодий судининг 2024 йил 3 январдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган ҳамда ортиқча тўланган 50 000 сўм давлат божи даъвогарга қайтарилган ва қайтариш ҳақида маълумотнома берилган.
Шунингдек, Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича
судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2025 йил 12 февралдаги қарори билан даъвогарнинг тафтиш тартибидаги шикоятини қаноатлантириш рад этилиб, Қумқўрғон туманлараро иқтисодий судининг 2024 йил 3 январдаги ҳал қилув
қарори ва Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати кассация
инстанциясининг 2024 йил 15 майдаги қарори ўзгаришсиз қолдирилган ҳамда тафтиш тартибидаги шикоят учун олдиндан тўланган давлат божининг
1 650 000 сўм қисми даъвогар зиммасида қолдирилиб, ортиқча тўланган
225 000 сўм қисми даъвогарга қайтарилган.
Чунки, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан кейинги матнларда ИПК деб юритилади)118-моддасининг биринчи қисмига кўра, суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилиши, тўққизинчи қисмига кўра, ишда иштирок этувчи шахсларнинг апелляция, кассация ва тафтиш шикояти бериш билан боғлиқ ҳолда қилган суд харажатлари ушбу моддада баён этилган қоидаларга мувофиқ тақсимланиши белгиланган.
Қонуннинг иловаси “Давлат божи ставкаларининг
миқдорлари”нинг
2-банди г)-кичик бандига кўра, хўжалик шартномаларини тузиш, ўзгартириш ёки бекор
қилиш вақтида келиб чиқувчи низолар бўйича даъво аризаларидан БҲМ (базавий ҳисоблаш миқдори)нинг 10 баравари
миқдорида, д)-кичик
бандига кўра, апелляция, кассация ва тафтиш тартибида берилган шикоятлардан
биринчи инстанция судида кўриб чиқиш учун аризалар берилганда тўланадиган
ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўланиши белгиланган.
Ушбу Қонун талабларига асосан даъвогар тафтиш тартибидаги шикоят учун 1 650 000 сўм (биринчи инстанция учун БҲМнинг 10 баробари миқдорида 3 300 000 сўм давлат божи тўлаган, унинг 50 фоизи 1 650 000 сўм бўлади) давлат божи тўлаши лозим бўлса-да, тафтиш берилган кундаги базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида 1 875 000 сўм давлат божи тўлаган.
Бундай ҳолатда, белгиланган миқдордан 225 000 сўм ортиқча давлат божи тўланган ҳисобланади.
Қонуннинг 18-моддаси биринчи қисми 1-бандига мувофиқ давлат божи қонунчиликда талаб қилинганидан ортиқча миқдорда тўланганида давлат божи тўлиқ ёки қисман қайтарилиши керак.
ИПК 115-моддасининг биринчи қисмида, давлат божи қонунчиликда белгиланган ҳолларда қайтарилиши лозим деб, учинчи қисмида, давлат божи тўланган, лекин судга келиб тушмаган ёки ушбу суд қайтарган даъво аризалари (аризалар), апелляция, кассация ва тафтиш шикоятлари бўйича ҳамда давлат божини тўлиқ ёки қисман қайтариш назарда тутиладиган суд ҳужжатлари бўйича давлат божини қайтариш суд томонидан берилган маълумотнома асосида амалга оширилади деб белгиланган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, судлов ҳайъати тафтиш тартибидаги шикоят учун олдиндан тўланган давлат божининг 1 650 000 сўм қисмини даъвогар зиммасида қолдириб, ортиқча тўланган 225 000 сўм қисмини даъвогарга қайтаришни, қайтариш тўғрисида маълумотнома беришни лозим деб топган.
Судлар томонидан тарафларнинг адашибми ёки билмасдан хато қилибми ёхуд ҳар эҳтимолга қарши деб ортиқча тўлаган давлат божлари белгиланган тартиб ва миқдорда давлат божи тўлаган шахсларга қайтарилиб, уларнинг ортиқча харажатларининг олди олинмоқда.
Сурхондарё вилоят суди
судьяси Р.М.Бегимов