ЖАМИЯТ

Сукунат кунида нима қилиш мумкин эмас?

21-22 декабрь кунлари сайловларда сукунат куни бошланади.

Сайлов кодексининг 44-моддасига биноан, сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида сайловолди ташвиқотга йўл қўйилмайди.

Бу нима дегани?

Яъни эртадан бошлаб, қайсидир партия ёки номзодга овоз беришни тарғиб қилиш мумкин эмас. Бундан ташқари кодексда белгиланган қуйидаги ташвиқот турларини (шакл, усул) амалга ошириш тақиқланади:

– сиёсий партиянинг дастури ва (ёки) сайловолди платформаси тўғрисидаги ахборотни ўзининг депутатликка номзодларини ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш;
– номзод тўғрисидаги ахборотни уни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш;
– омма олдида очиқ мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, фуқароларнинг йиғилишлари, интервьюлар, ОАВларда чиқишлар, роликларни жойлаштириш;
– сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш.

Ушбу тақиқланган ташвиқот турлари барча кўринишдаги босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларига (плакатлар, варақалар ва бошқа материаллар) ҳамда барча ОАВларга ва Интернетга тааллуқли.

❗️Шунингдек, ТВ, радио ҳамда Интернет сайтларидаги партия рекламалари олиниши, PR мақолаларни чиқариш тўхтатилиши, ижтимоий тармоқлардаги гуруҳларда партиялар ёки номзодларни тарғиб қилиб маълумотлар қолдирилмаслиги, блогерлар маълум бир партия ёки номзодлар ҳақида (мақтов ёки танқидлигидан қатъи назар) постлар ёзмаслиги, видео ёки расмларни тарқатмаслиги керак.

Бундан ташқари, сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш (ҳаммага маълум қилиш), шу жумладан ахборот тармоқларига, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштириш тақиқланади.

Бу нима дегани?

Яъни 21-22 декабрь кунлари сайтларда, блогларда ҳамда ижтимоий тармоқларда «Қайси партияга овоз берасиз?», «Сизнингча, қайси партия ғолиб бўлади?», «Қайси партия дастури Сизга ёқди?» ва ҳ.к. мазмундаги сўровномалар ўтказиш ёки аввал ўтказилган сўровномалар натижасини эълон қилиш мумкин эмас.

Нималар мумкин?

Сукунат куни дегани, сайлов ҳақида ҳеч нарса ёзиб бўлмайди, дегани эмас. Партия ёки номзодларга овоз беришни тарғиб қилмайдиган (уларни мақтаб ёки танқид қилмайдиган), сайлов ҳақида умумий мазмундаги мақолалар, постлар, фикрлар билдириш мумкин (сўровномалар мумкин эмас).

Масалан, сайловга бориш ёки бормаслик ҳақида, овоз бериш тартиби ҳақида, сайлов қонунчилиги тўғрисида ва ҳ.к.

Хушнудбек Худойбердиев