
Сурхондарёда ғалла ўрим-йиғими авж паллада давом этмоқда. Халқимиз ризқ-рўзи бўлган буғдой донининг бир донасини ҳам нес-нобуд қилмасдан йиғиб олиш асосий вазифа саналади. Шу сабабли вилоят раҳбари деярли ҳар куни ҳудудларда олиб боралаётган ўрим-йиғим жараёнларини шахсан кўздан кечириб, масъулларга келгусидаги вазифаларни белгилаб бермоқда.

Бугун Сурхондарё вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Қизириқ туманидаги “SURXON COTTON TEXTILE CLUSTER» хорижий корхонаси экин майдонларида бўлиб, пахтанинг ривожи ва парвариши ҳамда ғалла ўрим-йиғими бўйича бажарилаётган ишлар билан танишди.

Дала ишчилари, сувчилар, механизаторлар, комбайн операторлари, юк машинаси ҳайдовчилари ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарлари билан учрашиб, улар билан суҳбат давомида олиб бораётган машаққатли меҳнатлари учун миннатдорчилик билдирди ҳамда вилоят ҳокимлигининг совғаларини топширди.

Шунингдек, дала ишчилари ва кам таъминланган, “дафтарлар”да турган оилаларга буғдой тарқатилди.

Маълумот учун, тумандаги “SURXON COTTON TEXTILE CLUSTER» хорижий корхонаси бу йил тасарруфидаги 10 100 гектар сувли майдонларда бошоқли дон ҳосилини етиштирди.


Жорий йилда туманда миришкорларнинг машаққатли меҳнати эвазига етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмай йиғиштириб олиш учун эса ҳар бир комбайнга 2 нафардан оператор, 2 та устахона ва 4 та ёқилғи ташиш воситалари жалб қилинди.