Дунёда ватансиз бўлишдан оғирроқ савдо бўлмаса керак.

Албатта, инсон хоҳлаган жойини Ватан тутиб яшаши мумкин, лекин қўлида фуқаролик паспорти бўлмаса, у барибир ўзини яшаган ерида бегонадай ҳис қилади.
Юртимизда ана шундай одамлар илгари кўп эди. Чунки фуқаролик берилиши жуда мураккаб, оддий одамлар бунга деярли мушарраф бўлмаган.
2016 йилдан бери эса шу заминда узоқ йиллар яшаб, меҳнат қилаётган шахсларга Ўзбекистон фуқаролиги бериб бошланди.
Фуқаролик олган шахслар билан суҳбатлашганимизда жуда кўпчилиги кўзларига ёш олган, бу уларнинг йиллар давомида юрагини кемирган армонлари ушалгани туфайли эди. Ахир шу заминда 15-20 йиллаб, баъзилар ундан кўпроқ яшаса-да, фуқаролиги бўлмаган, бунинг оқибатида кўплаб ҳуқуқлардан маҳрум одамлар фуқаролик олишдан ҳатто умидларини узган эди…
Ҳозирги кунда эса фуқаролик олиш оддий ҳолдек туюла бошлади. Фуқаролик паспорти олганларга аввал ҳайрат ва ҳавас билан қаралган бўлса, бугун ҳаммаси оддий. Ҳатто фуқаролик олаётганлар ичида ҳам шундай кайфиятдагиларни учрата бошладик…
ИИВ ахборот хизматидан маълум қилишларича, 2022 йилнинг ўтган 6 ойи мобайнида, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси, 22-банди ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонунининг 20 ва 4-моддаларига мувофиқ, Президентимизнинг 4 та фармонига асосан 295 нафар фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди.
Маълумот учун: 2016 йилнинг декабрь ойидан ҳозирги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 97 та фармонига асосан жами 23 минг 310 нафар фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган.
Бу рақамларни йиллар кесимида кўриб чиқсак:
2016 йилда – 179 нафар;
2017 йилда – 1 минг 64 нафар;
2018 йилда – 2 минг 760 нафар;
2019 йилда – 6 минг 318 нафар;
2020 йилда – 8 минг 127 нафар;
2021 йилда – 4 минг 567 нафар;
2022 йилда – 295 нафар.
Айтиб ўтиш керакки, 1992 йилдан 2016 йилга қадар мамлакатимизда жами 482 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тан олиш бўйича 1995 йил
1 январь кунига қадар республикамизга кўчиб келиб доимий рўйхатдан ўтган 35 минг 196 нафар шахслардан 23 минг 969 нафарининг ҳужжатлари кўриб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспорти (идентификация ID-карта) билан ҳужжатлаштириш чоралари кўрилди.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тан олиш бўйича 2005 йил
1 январь кунига қадар республикамизга кўчиб келиб, доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ҳамда муқаддам чет давлат фуқаролигида бўлмаган шахслар, шунингдек, 2022 йил 1 февраль куни ҳолатига Ўзбекистон Республикасида камида ўн беш йил доимий яшаб келаётган ва мазкур давр мобайнида чет давлат фуқаролигида бўлмаган жами 20 минг 570 нафар шахсларнинг ҳужжатлари кўриб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси фуқароси идентификация ID-карта билан ҳужжатлаштириш чоралари кўрилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасида камида ўн беш йил доимий яшаб келаётган ва мазкур давр мобайнида чет давлат фуқаролигида бўлмаган шахсларнинг ҳамда ота-онасидан бири (ёлғиз отаси ёки онаси) Ўзбекистон Республикасининг фуқароси, деб тан олинган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ва Ўзбекистон Республикасида яшаб келаётган болаларнинг мурожаатларига асосан жами 4 минг 517 нафар шахсларнинг ҳужжатлари кўриб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси фуқароси идентификация ID-карта билан ҳужжатлаштириш чоралари кўрилди.
Хулоса қилиб айтганда, фуқаролик бериш билан боғлиқ ишлар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасидир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари асосида
Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган шахслар тўғрисида
М А Ъ Л У М О Т
(2022 йил июнь ҳолати)
т/р | Вилоятлар номи | 2016 й.(1 та фармон) | 2017 й.(10 та фармон) | 2018 й.(16 та фармон) | 2019 й.(29 та фармон) | 2020 й. (17 та фармон) | 2021 й.(20 та фармон) | 2022 й.(4та фармон) | ЖАМИ (97 та фармон) |
1 | Андижон | 5 | 108 | 598 | 1327 | 585 | 302 | 12 | 2937 |
2 | Бухоро | 26 | 26 | 82 | 369 | 136 | 17 | 0 | 656 |
3 | Жиззах | 3 | 67 | 212 | 225 | 193 | 64 | 4 | 768 |
4 | Қашқадарё | 6 | 17 | 47 | 254 | 240 | 307 | 59 | 930 |
5 | Қорақалпоғистон | 28 | 9 | 21 | 379 | 172 | 144 | 34 | 790 |
6 | Навоий | 10 | 70 | 165 | 108 | 68 | 19 | 15 | 455 |
7 | Наманган | 13 | 3 | 236 | 360 | 496 | 303 | 14 | 1426 |
8 | Самарқанд | 8 | 19 | 281 | 150 | 117 | 107 | 3 | 685 |
9 | Сирдарё | 0 | 48 | 289 | 414 | 1265 | 183 | 21 | 2220 |
10 | Сурхондарё | 11 | 12 | 68 | 166 | 603 | 252 | 12 | 1124 |
11 | Тошкент в. | 35 | 127 | 17 | 738 | 1200 | 1676 | 63 | 3856 |
12 | Тошкент ш. | 3 | 360 | 138 | 1004 | 1430 | 780 | 27 | 3742 |
13 | Фарғона | 16 | 15 | 511 | 731 | 1553 | 392 | 18 | 3236 |
14 | Хоразм | 15 | 183 | 95 | 93 | 69 | 21 | 9 | 485 |
Жами: | 179 | 1064 | 2760 | 6318 | 8127 | 4567 | 295 | 23.310 |
Изоҳ: 1991 йилдан 2007 йилга қадар республикамизда жами
482 нафар фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган.
2007 йилдан 2016 йилнинг декабрь ойига қадар Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги берилмаган.