ЖАМИЯТ

Термизда яна канализация муаммоси: Бу гал кўркам меҳмонхонага зарар етган

Термиз шаҳри И.Каримов кўчасида яна асфальт ётқизилган автомобил йўли қазилди. Фосуратларда акс этганидек оқова сув қувури ёрилиб, катта оқим йўлни зарарлаган.

Бунинг оқибатида “Термиз-Интурист” ҳам жиддий муаммога дуч келди. Меҳмонхонанинг ички канализация тармоқларидан етрўла қисмида жойлашган хизмат хоналарига чиқинди сувлари тошиб кетди. Бинонинг қуйи қисми 1 метргача баландликда оқова чиқндисига тўлди, бино ва унинг атрофини чидаб бўлмас даражада бадбўй ҳидли газ қоплади. Маъмурият ходимларининг айтишича, улар аввал ҳам кузатилган кичик ноқулайликлар ҳақида шаҳар “Сувоқова” корхонасига хабар беришган. Жорий таъмирлашлар амалга оширилган, аммо, самара бермасдан муаммо яна такрор юз бераверган.

Куни кеча сайтимиз орқали шаҳар оқова сув тармоқларида тез-тез таъмирлашларнинг амалга оширилишини, узугини қувурга тушириб қўйиб кейин уни излаётган кишининг ҳаракатига ўхшатган эдик. Ҳарқалай,  бу муаммо автомобил йўллари ҳолатига салбий таъсир кўрсатаётгани, аҳоли, истеъмолчилар норозилигига сабаб бўлаётгани бор гап. Соҳа мутасаддилари эса шаҳар канализация тармоғининг катта қисми муддатини ўтаб бўлгани ва янгиланишга муҳтожлигини билдиряпти.

Демак, масала жиддий ва “Термиз-Интурист” меҳмонхонаси жабрланган субъектлардан биринчиси ва афсуски, охиргиси ҳам бўлмаслиги мумкин. Ўйлаймизки, муаммо каттароқ даражада ўрганилиб, унга ечим топилади. Айни ҳолатда эса энди тадбиркорлик субъекти, яъни “Термиз интурист”га етказилган зарарнинг қандай қопланиши масаласи жавобсиз қолмоқда. Хўш, буни ким бўйнига олади … “Сувоқова”ми, суғурта идораларими, ҳокимликми, ё «ўзинг учун ўл етим» деганларидай яна тадбиркорнинг ўзими?

 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan