ЖАМИЯТ

Cудя маслаҳатга ҳам кирмай, Отабек Нуритдиновга нисбатан чиқарилган қарорни ўзгаришсиз қолдирди

Аввалроқ, Андижон вилоят маъмурий судида асакалик блогер Отабек (Абдуфатто) Нуритдиновнинг шикояти юзасидан маъмурий ишни кассация тартибида иш кўрилиши бошланганини хабар қилгандик.

Суд мажлисида қатнашган, Sof.uz манбаларига кўра, ишни биринчи инстанцияда кўрган Андижон вилоят маъмурий судида ишловчи бошқа бир судья Д. Халилов раислигида кўриб чиқилган. Шунингдек, суд очиқ бўлган, унга ОАВ вакиллари ва блогерлар ҳам киритилган. Лекин судья, даъвогарларнинг қаршилиги туфайли жараённи аудио ёки видео кўринишида ёзиб олишга рози бўлмаган.

Судда А. Нуритдиновнинг кассация тартибида берилган шикоятини рад қилиниб, 2019 йил 30 декабрдаги унга нисбатан чиқарилган қарорни ўзгаришсиз қолдириш ҳақида қарор қабул қилинган.

Кузатувчиларнинг айтишича, судда икки томон ҳам тингланган, даъвогарлар «туҳмат ва ҳақорат» ҳақида адвокат берган саволларга аниқ жавоб бера олмаган.

Қизиқ тарафи, суд раиси ҳатто маслаҳатлашишга ҳам кириб ўтирмай, суд мажлиси охирида Андижон вилоят маъмурий суди раиси О. Мирзамаҳмудов (яъни, лавозим бўйича ўз бошлиғи) 2019 йил 30 декабр куни чиқарган қарорни ўзгаришсиз қолдирган.

Шунингдек, кассация инстанция судининг қароридан норози бўлган тарафлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига назорат тартибида шикоят билан мурожаат қилиши мумкинлиги ҳам тушунтирилган.