ЖАМИЯТ

Жабрланган “Тез ёрдам” ходими “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди

Пойтахтнинг Миробод туманида “Тез ёрдам” ходимлари калтаклангани ҳақида хабар берилган эди. Айни пайтда ушбу ҳодиса оқибатида жиддий тан жароҳати олган “103” ҳайдовчиси И.Ҳ. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида тегишли муолажаларни олмоқда.

Дастлабки текширувлар натижасида унга “Бош мия ёпиқ шикастланиши, бош мия чайқалиши, чап тизза соҳаси юмшоқ тўқималарининг лат ейиши” ташхиси қўйилган.

Соғлиқни сақлаш вазири Б.Мусаев Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг нейрохирургия бўлимида даволанаётган ушбу бемор ҳолидан хабар олди.

– Афсуски, кейинги пайтларда ўз хизмат вазифасини ўтаётган шифокор ва ҳамширалар, айниқса, “Тез ёрдам” ходимларига нисбатан куч ишлатиш ҳолатлари тез-тез учрамоқда, – деди Б.Мусаев. – Аҳолининг соғлигини ҳимоя қилишда ўзини аямай жон куйдираётган тизим ходимларига тажовуз қилган кимсаларга нисбатан қонунчиликда қатъий жавобгарлик белгиланиши устида ишланмоқда. Ўйлайманки, қонунчиликка киритилаётган бу ўзгаришлар соҳа вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим асос бўлади.

Вазир бемор билан мулоқот давомида унга тезроқ соғайишини тилаб, муштумзўр фуқарога нисбатан қонунда белгиланган тартибда жазо белгиланиши учун барча зарур чоралар кўрилишини маълум қилди.

Шунингдек, суҳбат давомида бемор ўз ҳолидан хабар олгани келган вазирга алоҳида миннатдорлик билдириб, 64 ёшга кирганига қарамай, халқ саломатлиги йўлида ғайрат-шижоат билан меҳнат қилишдан толмаслигини, отаси тенги инсонга, қолаверса, тиббиёт бригидаси таркибида чақирув манзилига борган шифокор аёлга қўл кўтарган кимса эса қонун олдида жавоб беришига қатъий ишонишини таъкидлади.

Мулоқот сўнгида ўз хизмат вазифасига масъулият билан ёндашиб, муҳим дақиқаларда тезкорлик ва профессионаллик сифатларини намоён этган тез тиббий ёрдам бригадаси ходимига “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони берилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan