ЖАМИЯТ

Сариосиёлик блогер қамалди

Асака туман прокуратураси томонидан Сурхондарё вилояти, Сариосиё туманида туғилган, Асака тумани, Ибн Сино МФЙ, Шинам кўчаси, 23-уйда яшовчи фуқаро Нуриддинов Абдуфатто Камолитдинович Асака туман ИИБ томонидан Маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақида қарор қабул қилинганлиги аниқланди.

Ўрганиш давомида, А.Нуриддинов Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси, 41-моддаси, ва 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилган. Андижон вилояти маъмурий судининг 30.12.2019 йилдаги қарорига асосан А.НуриддиновгаЎзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида 6.690.000 сўм жарима жазоси, мазкур кодекснинг 41-моддаси билан 30 баравари миқдорида 6.690.000 сўм жарима жазоси, 183-моддаси билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Бундан ташқари, суднинг қарорига асосан А.Нуриддиновни қамоқда бўлган ҳар бир куни учун 33.450 сўм миқдорида, жами 501.750 сўм қамоқда сақлаш ҳаражатлари ундирилиши белгиланган.

Шунингдек, мазкур қарорни ижро қилиш Андижон шаҳар ИИБ зиммасига юклатилганлиги маълум қилинади” деб хабар қилмоқда Асака туман прокуратураси

  • Шу ўринда сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг фикрларини келтириб ўтмоқчимиз.

Андижонда блогер Отабек Нуриддинов қамалибди. Уни танимас эканман. ФБдаги саҳифасига кириб, у кўтарган мавзулар билан танишиб чиқдим. Ўта жиддий муаммоларни – яқинда бўлган сайловдаги катта сохтакорликларни, жамиятдаги ҳуқуқий бузулишларни кўтарган экан. Ҳар куни 2-3 талаб мавзу ва муаммоларни кўтарган экан. Энди бу блогерни ҳам, бошқалари каби, қамаб, уни фаоллигини сўндиришмоқчи бўлишяпти.

Ислоҳотлардан мақсад нима? Ислоҳотлар, жамиятга эркинлик бериш орқали, ижтимоий фаолликни парваришлаш ва бу фаолликни моддий бойлик ишлаб чиқаришга йўналтириш ҳисобланади. Лекин ҳокимиятда, ҳеч бўлмаганда, ҳокимиятнинг ўрта ва қуйи бўғинларида, ижтимоий фаолликни сўндириш тафаккури ҳеч ҳам ўзгармаяпти. Олий ҳокимият “Фаоллашинг! Блогерларга ва журналистларга раҳмат!” деса, ўрта ва қуйи ҳокимиятлар эса, фаолроқ блогерларни секин олиб бориб, қамаш билан, босим қилиш билан овора.

Айни пайтда жамият кўраётган нарса – кучли зиддият: баъзи амалдорлар ҳаммани кўз ўнгида билганини гапиради, таҳдидлар қилади, сўкади ва ҳақорат қилади – ҳеч нарса бўлмайди. Лекин оддий бир блогер жамиятдаги муаммоларни секин кўтаргани учун, уни қамаб, штрафлар қилишади. Наҳотки бу зиддиятларни одамлар ютиб кетаверади деб ўйлашса? Наҳотки, бу зиддиятларнинг ҳеч қандай оқибати бўлмайди деб ўйлашса?

Бу зиддиятлар қачон ютилади? Қачонки тизим доирасида яна тўлақонли репрессияларга қайтилса, ислоҳотлар ва сармоялар сиёсатидан, ижобий репутация ва туризмдан, ҳурматли давлат қиёфасидан тўлиқ воз кечилса. Акс ҳолда, зиддиятлар давлат ва жамият учун катта салбий оқибатлар келтиради холос.