ЖАМИЯТ

Сариосиёлик Донаева Холбибининг Ўзбекистон Республикаси Президенти номига йўллаган видео мурожаати юзасидан

Сариосиё тумани ҳокимлиги фуқаро Донаева Холбибининг мулкий ҳуқуқлари бузилганлигидан норози бўлиб, ижтимоий тармоқлар орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти номига йўллаган видео мурожаати юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.

1. Биржа савдоси орқали сотиб олинган мулк масаласида:

Сариосиё туманининг “Хуфар” маҳалласида яшовчи Бобоев Муртоза Маҳмудович (сотувчи) томонидан Сариосиё тумани, Шарғун шаҳарчаси, Шахтёрлар кўчасида яшовчи Донаева Турсуной Саттаровнага (сотиб олувчига) Сариосиё тумани, Сариосиё қишлоқ фуқаролар йиғини таркибидаги “Янги турмуш” маҳалласида жойлашган, умумий ер майдони 1019 кв.м иборат бетон девор тўсиғи 900 минг сўмга сотилган.

Мазкур кўчмас мулкнинг “электрон биржа” савдосида сотилганлиги ҳақида 29.10.2009 йилда Ўзбекистон Республикаси кўп тармоқли агросаноат биржаси Сурхондарё вилояти филиалининг 00414/25-сонли шартномаси расмийлаштирилган.

Шунга кўра, мазкур бетон тўсиқ 29.10.2009 йилда Донаева Турсуной Саттаровна номига “биржа савдоси”да рўйхатга олинганлиги ҳақида гувоҳнома берилган.

Шундан сўнг, мазкур бетон девор тўсиғи Сариосиё тумани ҳокимининг 22.01.2010 йилдаги 48-сонли қарори билан нотурар жойдан турар жойга ўтказиш ҳамда Донаева Турсунойнинг мулкдорлиги тан олиниши белгиланган.

Фуқаро Донаева Турсунойнинг қизи Донаева Холбиби номига 25.03.2019 йилда Москва шаҳри нотариал идораси томонидан 77/694-н/77-2019-1-2959-реестр рақами билан рўйхатга олинган 77АВ9133806-сонли ишончнома берилган.

Сариосиё тумани ҳокимининг 11.02.2019 йилдаги 740-сонли қарори билан “Узшаҳарсозлик ЛИТИ” ДУК Сурхондарё вилоят филиали томонидан ишлаб чиқилган “Сариосиё шаҳарчаси марказий қисминингбатафсил режалаштириш лойиҳаси” маъқулланган.

Шунга кўра, Донаева Холбиби 06.04.2019 йилда Сариосиё тумани ҳокими номига ариза билан мурожаат қилиб, ўзининг аризасида унга тегишли “Лутфикор” (собиқ “Янги турмуш”) маҳалласида ер участкаси туман Бош режасига асосан кўкаламзорлаштириш кўрсатилганлиги сабабли якка тартибда уй-жой қурилиши учун 0,10 сотих ер майдони ажратилишини сўраган.

Ушбу ариза 06.04.2019 йилда Сариосиё туман ҳокимлигида Д-848-кирим рақами билан қайд қилинган.

Шундан сўнг, Сариосиё тумани ҳокими билан фуқаро Донаева Холбиби ўртасида 9.04.2019 йилда келишув битими тузилган ва унинг бир нусхаси Х.Донаевага имзо қўйдириш орқали топширилган.

Бундан ташқари, Х.Донаевага келишув битимига розилиги ва эътирози йўқлигини ёзма равишда баён қилган.

Мазкур келишув битимининг 1-банди талабига кўра, Сариосиё тумани ҳокимлиги туман марказий кўчасининг Батафсил режалаштириш лойиҳаси ишланганлиги сабабли фуқаро Донаева Турсунойга туманнинг “Янги турмуш” маҳалласи ҳудудида жойлашган Республика кўп тармоқли агросаноат биржаси Сурхондарё вилояти филиалининг 29.10.2009 йилдаги электрон биржаси савдосида сотилганлиги тўғрисидаги 00414/25-сонли шартномасига асосан ҳамда туман ҳокимининг 22.01.2010 йилдаги 48-сонли қарорига асосан тегишли бўлган 1019 кв.м ер майдони Сариосиё тумани марказий кўчасининг ишланган батафсил режалаштириш лойиҳасига ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш кўрсатилганлиги сабабли ушбу ер майдони эвазига ўз розилиги билан ушбу келишувга биноан Сариосиё тумани “Гулобод” маҳалласи “Чорбоғ” ишлоғи ҳудудидаги 7қ-контуридан 1000 кв.м сувли ер майдони якка тартибда уй-жой қуриш учун ажратиб берилганидан сўнг 10 иш кунида ер майдонини бўшатиб бериши назарда тутилган.

Келишув битимининг 2-банди талабига кўра, фуқаро Донаева Холбиби онаси Донаева Турсунойга тегишли бўлган турар бўш ер майдонини ўз ҳисобидан туман ҳокимлигига қайтариб бериши белгиланган.

Шундан сўнг, Сариосиё тумани ҳокимлиги ҳузуридаги Ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш комиссиясининг 10.04.2019 йилдаги 4-сонли далолатномаси расмийлаштирилган.

Шунга кўра, Сариосиё тумани ҳокимининг 10.04.2019 йилдаги 2116-сонли қарори билан  фуқаро Донаева Холбибига туманнинг “”Гулобод” маҳалласи, Чорбоғ қишлоғи ҳудудидаги 7қ-дала контуридан якка тартибда уй-жой қуриш учун 1000 кв.м ер майдони ажратиш белгиланган.

Туман ҳокимининг мазкур қарори Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 45-моддаси (алоҳида қимматга эга бўлган унумдор суғориладиган ерлар) талабига зид равишда қабул қилингани аниқланганлиги сабабли уни бекор қилиш ҳақида 31.10.2019 йилда Сариосиё тумани прокурори томонидан протест келтирилган.

Шунга кўра, туман ҳокимининг 06.11.2019 йилдаги 6226-сонли қарори билан 10.04.2019 йилги 2116-сонли қарори бекор қилиниб, прокурор протести қаноатлантирилган. Сариосиё тумани ҳокими билан фуқаро Донаева Холбиби ўртасида 9.04.2019 йилда тузилган келишув битими бўйича унга қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер майдони таклиф этилган.

Ўрганиш давомида, Донаева Холбибига тегишли турар жой биноси ва пиёз экин майдони бузилмаганлиги, бироқ, 09.11.2019 йилдаги туман ҳокимининг

6234-сонли қарори билан уй-жой ва экин майдони атрофини ўраб турган, бетон ғиштдан қурилган деворлар қисман бузилганлиги маълум бўлди.

2. Фуқаро Донаева Холбибига тегишли бўлган Сариосиё тумани, Шарғун шаҳар, Феруз маҳалласи, Шахтёрлар кўчаси ҳудудида жойлашган уй-жой масаласида:

Фуқаро Донаева Холбибига тегишли бўлган Сариосиё тумани, Шарғун шаҳар, Феруз маҳалласи, Шахтёрлар кўчаси ҳудудида жойлашган 45-сонли уй-жой Шарғун шаҳрида олиб борилган қурилиш ишлари давомида ўтказилиши лозим бўлган йўл ҳудудида жойлашганлиги сабабли, бузилишга тушган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 29.05.2006 йилдаги “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида”ги 97-сонли Қарори талаблари асосида ушбу уй-жой ўрнига Сариосиё тумани ҳокимининг 13.07.2019 йилдаги 4116-сонли қарори билан фуқаро Донаева Холбибига Сариосиё тумани, Шарғун шаҳар, Феруз маҳалласи, Ҳуррият кўчаси ҳудудидан 400 кв.м ер майдони якка тартибда уй-жой қуриш учун ажратилган ҳамда 150 млн. 261 минг 090 сўм компенсация тўлови нақд пул шаклида тўлаб берилган.

Шунга кўра, фуқаро Донаева Холбиби томонидан мазкур манзилда 15,75 кв.м хажмда 1 хонали турар жой ва 4,00 кв.м. ҳожатхона иморатлари қурилган бўлиб, 04.09.2019 йилда мулкдор Х.Донаева номига кадастр йиғма жилди шакллантирилган.

Сариосиё тумани ҳокимининг 28.09.2019 йилдаги 6065-сонли қарори билан Донаева Холбиби Эргашевнанинг мазкур турар жойга эгалик ва мулк ҳуқуқи эътироф этилган.

Ҳозирги вақтда, мазкур қарор ва бошқа ҳужжатлар қонуний тусга эга ҳисобланади.

3. Фуқаро Х.Донаеванинг онаси Донаева Турсунойнинг уй-жойи мавжудлиги масаласида:

Шарғун шаҳар ҳокимининг 29.06.1993 йилдаги 78/51-сонли қарори билан Шарғун шаҳар, Шахтёр кўчасидаги 45-уй, 9-хонадон (2 хонадан иборат, умумий майдони 66,5 кв.м) фуқаро Донаева Турсунойнинг шахсий мулки эканлиги тасдиқланган. Мазкур манзилда ҳеч ким яшамаётганлиги маълум бўлди.