ЎЗБЕКИСТОН

1 февралдан иш ҳақи ва пенсиялар миқдори 7 фоизга оширилади

Ўзбекистонда 2020 йил 1 февралдан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар, нафақалар ҳамда кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам миқдори 1,07 баробарга оширилади деб хабар бермоқда «Дарё» нашри.

Бу Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 30 декабрь куни имзоланган «Ўзбекистон Республикасининг ‘2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисидаъги қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорда назарда тутилган.

2020 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида:

  • меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори — ойига 679 330 сўм (ҳозир 634 880 сўм);
  • пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори — ойига 238 610 сўм (ҳозир 223 000 сўм);
  • энг кам ёшга доир пенсиялар — ойига 466 680 сўм (ҳозир 436 150 сўм);
  • болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа — ойига 466 680 сўм (ҳозир 436 150 сўм);
  • зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа — ойига 286 390 сўм (ҳозир 267 650 сўм);
  • 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа, кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги муҳтож оилаларга бир марталик моддий ёрдам миқдорлари 2-иловага мувофиқ белгиланади;

Солиқлар, йиғимлар, жарималар, давлат божлари ва кўрсатилаётган давлат хизматлари, тадбиркорлик фаолиятининг муайян тури билан шуғулланиш учун патент (лицензия) тўловлари ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа тўловлар миқдорини аниқлашда қўлланиладиган базавий ҳисоблаш миқдори – 223 000 сўм ўзгаришсиз қолдирилади.