Uncategorized

Оилавий зўравонликни олдини олишнинг ҳуқуқий асослари

Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар. Уларга ақл ва виждон ато қилинган, бинобарин бир-бирларига нисбатан биродарлик руҳида муносабатда бўлишлари керак.

(Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, 1-модда)

Зўравонлик бу бир шахснинг иккинчи шахсга нисбатан қасддан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказиш чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали унинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ва қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига тажовуз қиладиган ғайриҳуқуқий ҳаракат (ҳаракатсизлик).

Оилавий зўравонлик эса зўравонлик ҳаракати (ҳаракатсизлиги) оила аъзосининг бошқа аъзоларига (хотин, ота-она, болалар ва бошқалар) нисбатан амалга оширилиши тушунилади. Умуман олганда бутун дунёда статистик маълумотларга кўра аксарият ҳолларда оилавий зўравонликдан хотин-қизлар жабр кўради. Оилавий зўравонлик жинсий, жисмоний, иқтисодий ва руҳий зўравонлик шаклларида амалга оширилиши мумкин. Конституциямизда фуқароларнинг бир қатор асосий ҳуқуқ ва мажбуриятлари, хусусан ҳеч кимнинг қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги, фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурлиги белгилаб берилдики, бу талабларга ҳамма риоя қилиши шарт. Шу ўринда бу каби содир этилган қилмишлар учун уларнинг турига ва оғирлаштирувчи ҳолатларга қараб Жиноят кодекси биринчи бўлимининг (шахсга қарши жиноятлар) бир қанча моддаларида жиноий жавобгарлик белгиланган. Масалан, ЖКда қасддан одам ўлдирганлик учун (97-модда) ўн йилдан йигирма беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш, ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш учун (103-модда) уч йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланади.

Ўзбекистон Республикаси 1995-йилда “Хотин-қизлар хуқуқлари камситилишининг барча шаклларига бархам бериш тўғрисида” ги Конвецияни ратификация қилган. Шундан бери Ўзбекистон БМТ қошидаги Инсон хуқуқлари қўмитасига ушбу Конвенцияда кўтарилган масалаларни амалга ошириш юзасидан уч марта хисобот берган. Хар уч хисобот юзасидан хам Инсон хуқуқлари қўмитаси Ўзбекистонда аёлларнинг нотенгликка юз тутиши, патриархал стреотипнинг мавжудлиги хамда кўплаб аёллар оилада зўравонлик қурбони бўлишини таъкидлаб, хукуматдан буларга қарши чоралар кўришини сўраган.

Хусусан, сўнгги вақтларда маҳалла билан давлат ўртасида кўприк вазифасини ўтай оладиган қатор янги тизимлар яратилдики, буларнинг барчаси биринчи галда оилани мустаҳкамлаш, тинчликни таъминлашдек эзгу тамойилга эгалиги билан аҳамиятли бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 18 февралда “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни  соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5938-сонли Фармони эълон қилиниб, ҳаётга тадбиқ этиб келинмоқда. Худди шу куни Президентимиз Фармони ортидан “Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 4602-сонли қарорини ҳам имзолади. Глобаллашув жараёнида маҳалла ва оилани янада қўллаб-қувватлашга қаратилган юқоридаги жиддий саъй-ҳаракатлар ўзининг самараларини бермоқда. Жойлардаги кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, ажримларни олдини олиш, жиноятчиликка қарши профилактик тадбирларни кучайтириш, хотин-қизлар, ёшларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган ҳаракатлар давлат сиёсати даражасига кўтарилди. “Соғлом оила – соғлом жамият” ғоясини ҳаётга тадбиқ этишга йўналтирилган сиёсатнинг олиб борилаётгани оилавий зўравонликларнинг камайишига олиб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 июлдаги “Ижтимоий реабилитация қилиш мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида жойларда Ижтимоий мослашув марказлари фаолият олиб бора бошлади. Конституциямизда барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий  келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар. Ҳар бир шахс мулкдор бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги алоҳида белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, “Гендер тенглик” тушунчаси БМТнинг 2015 йил қабул қилган 70-сонли резолюциясида ўз ифодасини топган эди. Миллий қонунчилигимизда юз бераётган ўзгаришлар ифодаси сифатида қабул қилинган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунимизни ҳаётга кенгроқ тадбиқ этишимиз учун ҳали кўп саъй-ҳаракат қилишимизга тўғри келади. Чунки, миллий қонунчилигимиз тарғиботининг кун тартибидан ушбу қонун ҳам ўрин олгандир.

Ўзбекистон Республикасида оилавий зўравонликка қарши кураш ва уни олдини олиш мақсадида 2019 йил 3 сентябрдан “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни кучга кирди. Қонунга мувофиқ хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, Ҳукумат ва давлат ташкилотларининг соҳадаги ваколатлари ва хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда уларга чек қўйишнинг умумий чора-тадбирлари белгилаб берилди. Қонунга асосан хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг ҳолатлари содир этилганда қуйидаги якка тартибдаги чора-тадбиралар кўрилади: профилактика суҳбатини ўтказиш;

  • ҳимоя ордерини бериш;
  • тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказларга жойлаштириш;
  • зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастурларидан ўтиш.

Мазкур Қонунга асосан ва хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 январдаги 3-сон қарори билан Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш, ижросини таъминлаш ва мониторинг олиб бориш тўғрисида низом тасдиқланди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, оиладаги зўравонликнинг юзага келиши энг аввало оиладаги муҳит, таълим-тарбиянинг нечоғлик мукаммал эмаслиги билан изоҳланмоқда. Қолаверса, оилавий фаровонликнинг таъминланмаслиги ҳам оиладаги зўравонликни келтириб чиқаради. Бу жиҳатдан Президентимиз ва ҳукуматимиз олиб бораётган сиёсат келажаги янги Ўзбекистонимизнинг эртанги кунига бўлган ишончу эътиқодимизни янада мустаҳкамламоқда. Чунки, барча йўналишлардаги ислоҳотлар инсон учун, инсонлар фаровонлиги, тинчлиги учун амалга оширилмоқда.

Шундай экан,оилавий зўравонликка қарши курашда ҳар бир шахс масъул эканлигини, шахснинг шаъни қадр-қиммати доим қонун ҳимоясида эканлигини ва қонунчиликда унга берилган ҳуқуқ қаерда бошланиши ва қаерда тугаши лозимлигини асло унутмаслиги лозим.

           Баҳодир Джумаев,  Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси  

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan