Uncategorized

«АрМИ – 2021»: «Содиқ дўст» мусобақасида ҳам Ўзбекистон чемпион

VII Халқаро армия ўйинлари доирасидаги «Содиқ дўст» мусобақаси ўз ниҳоясига етди. Бу йилги баҳслар Жазоир Халқ Демократик Республикасида бўлиб ўтди.

Аҳамиятлиси, унда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги кинологларидан иборат эркаклар ва аёллар жамоаси муваффақиятли иштирок этиб, чин маънода сенсацион натижа кўрсатишди.

Мазкур мусобақада иштирокчи жамоалар белгиланган нишонларни БИ-7,4 кичик калибрли спорт қуроли билан яксон қилиш, 300 метрли тўсиқли йўлакдан ўтиш, Дог биатлон (яккалик пойга) ва 1600 метр масофага (Дог биатлон) эстафета югуриш шартларида ўз маҳоратларини кўрсатишди.

Жамоамиз вакили III даражали сержант Улуғбек Нуриллаев 300 метр масофадаги тўсиқларни хизмат ити билан енгиб ўтиш йўлагида янги рекордни ўрнатгани ҳам ушбу ғалабага муҳим ҳисса бўлиб қўшилди.

Шундай қилиб эркаклар жамоалари ўртасида ўтган муросасиз баҳсларда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган ҳарбий кинологларимиз фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўринни эса Россия Федерацияси жамоаси ва учинчи ўринни Беларусь вакиллари банд этишди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти ходими Исломжон Қўчқоровнинг маълум қилишича, бу йилги мусобақада аёллар жамоамиз ҳам илк бор иштирок этди.

Лекин шунга қарамай томирида Тўмарис қони оқаётган қизларимиз беллашувларнинг дастлабки шартларидан ўз маҳоратларини кўрсата олди ва якунда илк иштирокдаёқ ғалабани қўлга киритди. Аёллар жамоамиз аъзоси оддий аскар Диёра Валижонова ҳам 300 метр масофадаги тўсиқларни хизмат ити билан енгиб ўтиш йўлагида рекорд ўрнатди. Ирода Олимова эса АК-74 кичик калибрли спорт қуроли билан «Моҳир ўқчи» йўналишида нишонларни йўқ қилиш бўйича 132 балл йиғиб, ўз номини рекордчилар қаторига қўшиб қўйди.

Шундай қилиб аёллар ўртасидаги мусобақада биринчи ўринни Ўзбекистон, иккинчи ўринни Россия Федерацияси ва учинчи ўринни Жазоир Халқ Демократик Республикаси жамоалари қўлга киритди.

Бутун Ўзбекистон халқини мана шу ғалаба билан табриклаймиз!

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan