Uncategorized

Канадада аномал иссиқ ҳаво оқибатида 200 дан ортиқ одам ҳалок бўлди

Канаданинг Британия Колумбияси провинсиясидаги турли шаҳарларда сўнгги бир неча кун ичида 200 дан ортиқ одам фавқулодда юқори ҳарорат қурбонига айланди. Провинсияда ҳаво ҳарорати рекорд (49°С) даражага етган. Бу ҳақда маҳаллий полицияга асосланиб, CBC хабар берди.

Британия Колумбиясида 25-июн куни бошланган жазирама ҳаво туфайли 233 та ўлим қайд этилди. Ванкувер шаҳри полицияси тўсатдан ўлимлар ҳақида 65 та хабар келиб тушганини айтди, Сюррей шаҳрида эса сўнгги икки кун ичида жазирама туфайли 38 киши вафот этган. Полиция ҳисоб-китобларига кўра, бундай ҳолатлар сони одатда кунига тўрт-бештадан ошмасди. Марҳумларнинг аксарияти кексайган ёки сурункали касалликларга чалинган. Полиция иссиқликни ўлимга олиб келадиган омиллардан бири деб билмоқда.

Провинсиядаги Литтон шаҳарчаси кетма-кет уч кундан буён ҳаво ҳарорати бўйича рекорд ўрнатмоқда. 29-июн куни шаҳарчада 49,6 даража иссиқлик қайд этилди. 28-июн куни ҳарорат 47,9 даражага, 27-куни эса 46,6 даражага кўтарилганди. Сўнгги марта Канадада 1837-йилда энг юқори— 45 даража иссиқлик қайд этилган. Литтон Ванкувердан 260 километр шимоли-шарқда жойлашган.

Британия Колумбияси провинсиясидаги аксарият уйларда кондиционер мавжуд эмас, чунки ёзда ҳарорат мўътадилроқ бўлади. Aйни пайтда Литтон фуқаросининг маълум қилишича, шаҳарда вазият чидаб бўлмас даражада, кўчага чиқиш деярли имконсиз. “Биз иссиқ ва қуруқ иссиққа ўрганиб қолганмиз, аммо барибир 47 даража, бу сизга 30 даража эмас”, — деди у.

Ванкувер ва унинг атрофида совитиш марказлари ва вақтинчалик фавворалар ташкил этилган. Полиция патрул хизматини кучайтирди. Фавқулодда вазиятлар хизматларига босим кучайди.

Канада метеорология хизмати Британия Колумбияси, Aлберта ва Саскачеваннинг айрим ҳудудларини, Манитоба ва шимоли-ғарбий минтақани иссиқ об-ҳаво тўғрисида огоҳлантирди.

Муассасанинг катта иқлимшуноси Девид Филипс Канада дунёдаги энг қорли ва энг совуқ иккинчи мамлакат эканини таъкидлади. “Бизни тез-тез совуқ уради, қор бўронлари кузатилади, лекин бундай иссиқлик ҳақида камдан кам гапириш мумкин. Ҳозир Дубайда ҳаво биздан салқинроқ”, — деди у.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan