Uncategorized

ЎРТА ОСИЁДАГИ ЭНГ ҚАДИМГИ ДИНИЙ ИНШООТНИ БИЛАСИЗМИ?

ҚОРАТЕПА – будда ғор ибодатхоналар мажмуаси. Эски Термизнинг шимоли-шарқий қисмида жойлашган.

Обида 3 та табиий дўнгликда қурилган.
Милоддан аввалги 1 асрда қурилиши бошланган Қоратепадаги дастлабки буддавий ибодат иншоотларининг энг гуллаган даври милодий 2-3 асрларга тўғpи келиб, бу пайтда ибодатхоналар кўплаб қурилган, аввалгилари эса янгиланган ҳaмдa безатилган.

Милодий 3 аср охирига келиб Қоратепа мажмуалари инқирозга юз тутди ёки вайрон этилди. Бу сосонийларнинг Кушон давлатига қилган ҳарбий юришлари билан боғлиқ. Айни маҳалда Қоратепа мажмуотларининг муайян қисми мил.аввалги 4-асрнинг охири – 5 асрнинг бошигача ишлаб турган. Мил.аввал 4 асрдаёқ  Қоратепадаги кўплаб ташландиқ хоналар ва ғор  ибодатхоналаридан қабр сифатида фойдаланилган, сўнг кириш жойлари хом ғишт билан ёпиб юборилган.

Қоратепадан кўплаб будда ҳайкаллари, кушон подшолиги даврига оид сопол идишлар, коса ва кўзачалар, мис чақалар, оҳактошдан ишланган меъморий безаклар, плиталар, сопол чироқдонлар топилган. Сосонийларнинг Кушон давлатига ҳарбий юришлари даврида Қоратепа манзилгоҳи вайрон этилган.

7  асрдан – 12 асргача Қоратепадаги ярим кўмилган айрим хоналар ва ғорлардан зоҳидлар фойдаланишган.

Бу ерда топилган моддий – маънавий ва бадиий артефактлар Термиз, Бақтрия ва Марказий Осиёда буддавийлик тарихи учун катта аҳамият касб этиши билан бирга, умумжаҳон будда маданиятига қўшилган улкан ҳисса ҳисобланади. Улар буддавийликнинг Марказий Осиё жанубига кириб келиш вақтини, унинг бу ерда ривожланиш хусусиятларини аниқлаш, Бақтриянинг қўшни минтақалардаги буддавийлик бадиий марказлари, биринчи навбатда, гандхара мактаби билан маданий алоқаларини кузатиш имконини беради.

Қоратепанинг жанубий ва шимолий тепаликлари тузилмаси роҳиблар учун ҳужралар, маросимлар учун иншоотлар ва йиғилиш ўтказиш учун заллар кўзда тутилган гуха туридаги ўзига хос ибодатхоналарга ўхшаш.

  

Коратепанинг шимолий баландлигидаги маҳобатли ибодатхона мажмуаси ҳажмига кўра, Кушон Бақтрияси давридаги энг йирик будда иншоотларидан бири бўлган. Мажмуанинг шимолий қисмида жойлашган катта меъморий иншоот – ступа эса ибодатхонанинг меъморий маркази ҳисобланган.

Топилмаларга қараганда, фриз Будда ва бошқа илоҳий образларни ҳамда зодагонлар ҳаётини акс эттирувчи саҳифалар билан безатилган.

Сурхон воҳасидан топилган буюм ва ҳайкал қолдиқлари бу ерда қадимда ўзига хос юксак тасвирий санъат маданияти яратилганлигини исботлайди. Қоратепадаги будда ибодатхоналаридан чиққан қимматбаҳо ҳайкаллар ва бошқа тасвирий санъат обидалари, айниқса нодир ва ноёбдир. Бундай тасвирий санъат ва ҳайкалтарошлик ёдгорликлари ўз даврининг ҳаётий, мафкуравий ва диний эътиқодлари, маданий ва маиший ҳаёти тўғрисида маълумот берувчи қимматбаҳо манба ҳисобланади.

 

Тўлиқ видеони кўриш учун You Tube даги ? https://youtu.be/QKeoGA8jqic линк орқали обуна бўлишни унутманг.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan